Михаил Саакашвили: Россияга жазо чораларини қўллаш керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Россия билан қарама-қаршиликнинг нима эканини жуда яхши билади.

Ўзининг президентлиги даврида, 2008 йил Гуржистон Россия армиясига қарши 5 кун жанг қилган.

Гуржистоннинг собиқ президенти ҳозирда Киевга келиб, янги Украина ҳукуматига маслаҳатлар бермоқда.

Би-би-си жаноб Саакашвилидан сизнингча, ҳозир Оврўпо раҳбарлари қандай қарор олишлари керак, деб сўради.

Михаил Саакашвили: Менинг ўйлашимча, улар жазо чораларини жорий этишлари керак. Бу ишни қилишмаса, Оврўподаги қонун устуворлигига асосланган халқаро тартиб бузилади. Бу Оврўпо Иттифоқи учун ўта муҳим палла ва инкор қилиб бўлмас воқеъликдир.

Би-би-си: Айримлар ҳозир қаттиққўлликнинг вақти эмас, муаммога узоқ муддатли ечим қайсидир маънода ён бериш билан топилиши керак, дейишади. Уларга кўра, россияликларга юзингизни сақлаган ҳолда этагингизни йиғиб олиш имкони бор, деган йўл кўрсатиш лозим. Сизнингча ҳам, шундай қилиниши керак эмасми?

Михаил Саакашвили: Ҳозиргача, Владимир Путин ўрта йўлни тутмоқчилиги белгиларини кўрсатмади. Аксинча, мустақил бир давлатнинг каттагина қисмини, йирик газ заҳираларига эга қисмини ишғол қилиб турибди. Бу худди Ироқ Қувайтга чанг солган пайтига ўхшайди. Манзара худди шундай ҳозир, чунки Қримдаги газ заҳираси 2-3 йилдан бери Оврўпо гази учун муқобил манбаъ бўлиб келмоқда. Владимир Путин буни билади. Ўтган гал, сиз айтгандек, ён бериш ҳақида гапирган одам сизнинг бош вазирингиз - Невилл Чемберлен эди. У ҳам Иккинчи Жаҳон уруши пайти Ҳитлерга ён бериш ва ўрта йўлни топиш хусусида гапирганди. Ва биз оқибат нима билан тугаганини биламиз. Ҳозир жуда, жуда ўхшаш вазиятга гувоҳ бўлиб турибмиз...

Би-би-си: Битта катта ўхшамайдиган томони, менинг билишимча, Ҳитлер оммавий қотилликларга масъул бир телба эди. Сиз Владимир Путинни Ҳитлерга жиддий қиёслаяпсизми?

Михаил Саакашвили: Владимир Путиннинг Россиядаги мухолифатни қандай бостиргани, қўшни мамлакатга қай йўсин ҳужум қилгани... Дейлик, менинг мамлакатимда ярим миллион киши қочқинга айланди, Чеченистондаги амалиётлари чоғи минглаб инсонлар нобуд бўлди. Сизга эслатиб ўтай, у ерда 100 мингдан ортиқ одам ўлдирилди. Булар инкор қилиб бўлмайдиган фактлар. Аллақачон минглаб инсонни умрига зомин бўлган, мухолифатни бутунлай синдирган, тўғрироғи, мухолифатнинг сиёсий асосини йўқ қилган, нима истаса шуни қилаётган одам ҳақида гапираркансиз... биламан, одамлар бу қиёслашдан ҳайратга тушишлари мумкин, лекин фактларга қарасангиз, у қўл урган ишларни қонун тарозисига қўйсангиз, ақлни шоштирадиган ўхшашликларни кўрасиз.

Би-би-си: Сиз НАТО Украинани ҳарбий жиҳатдан дастаклаши, боринг, у ерга қўшин йўллаши керак, дея олган бўлармидингиз? Бунда Украинанинг НАТОга аъзо эмаслигини ҳам назардан қочирмайлик.

Михаил Саакашвили: Биласиз, Украина Лиссабон, Будапешт шартномалари асосида Британия, Франция, АҚШнинг кафолатини олиб турибди... Шу шартномалар асосида Украина ядровий қуролларидан воз кечганди. Энди аксинча бўлганини, Украина ядро қуролига эга бўлганини тасаввур қилинг, Россия бунга журъат қилолмаган бўларди. Бошқалар бирон кор-ҳол рўй берса, ҳимоя қилиш кафолатини бергани учун Украина ўз ядро қуролидан воз кечганди. Агар бу кафолатлар ишламаса, эртага Россия Болтиқбўйи давлатларига ҳужум қилади. Путиннинг тактикаси -- пайти келганда яшиндек тез ҳаракат қилиш. У Ғарб буни узоқ пайт муҳокама қилишини, кейин бошқа бирон бир жойда инқироз рўй берадиган бўлса, диққат ўша томонга қаратилиб, ҳаммаси эсдан чиқишини билади... Ҳақиқий воқеълик жуда аниқ-равшан. Биз қаердандир бошлашимиз керак, шундагина илгари силжиш бўлади. Ҳозир биз ҳеч нарса қилмаяпмиз.

Бу мавзуда батафсилроқ