Украинанинг собиқ амалдорлари ҳисоб рақамлари музлатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Иттифоқи ҳисоб рақамлари ва ҳиссалари музлатилган Украинанинг собиқ раҳбарлари рўйхатини эълон қилди.

Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович дохил 17 амалдор давлат маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Рўйхатда Виктор Янукович ва икки ўғли, собиқ ички ишлар вазири Виталий Захарченко, собиқ прокурор Виктор Пшонка ва собиқ вазир Николай Азаров ўғли билан, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Андрей Клюев ва Януковичга яқин бўлган бошқа собиқлар бор.

Жазо чоралари рўйхат эълон қилинган кундан бошланади ва йил давомида амал қилади.

Бундан аввал Швецария ва Австрия банкларидаги Украинанинг 20 га яқин собиқ расмийларига тегишли рақамлар тўхтатилган эди.

Россияда матбуот анжумани ўтказиб, ўзининг қонуний президент эканлигини билдирган Виктор Януковичнинг айтишича, унинг хориж банкларида ҳеч қандай маблағи йўқ.

Украинанинг янги ҳукумати Виктор Януковични, собиқ прокурор ва собиқ ички ишлар вазирини намойишчилар ўлимига масъулиятли эканини айтиб, халқаро қидирувга берган.

Украинанинг янги бош прокурори Олег Махницкий Россиядан Виктор Януковични топширишни талаб қилмоқда.

Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари Брюсселда Украина масаласини муҳокама қилиш учун йиғилишган.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Украина янги ҳукуматига жиддий ислоҳотлар ўтказиш эвазига молиявий ёрдам беришни ваъда қилмоқда.

4 мартда Халқаро валюта фонди вакиллари Киевга ташриф буюрган.

Украинадан талаб қилинаётган ислоҳотлар ижтимоий соҳаларга ҳам тегишли бўлиб , газ нархини ошириш, солиқларни кўпайтириш, пенсия ва нафақаларни қисқартириш, имтиёзларни бекор қилиш шулар жумласидандир.

Бу мавзуда батафсилроқ