Путин бу йилги Нобель Тинчлик мукофотига даъвогарлар рўйхатида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption АҚШ Президенти Барак Обама ушбу мукофотни 2009 йилда олган

Ҳа, Сурия инқирозини юмшатишда тутган ўрни учун Россия президенти Нобель халқаро қўмитасининг номзодлар рўйхатидан расман жой олган.

Ўтган йили худди шундай изоҳ билан Дунё Халқлари Маънавий Бирлиги ва Ҳамкорлиги халқаро академияси Владимир Путин номзодини ушбу мукофотга тақдим қилган эди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Нобель Тинчлик Мукофоти Михаил Горбачевдан бошқа бирор бир Шўро ёки собиқ Шўролар давлати раҳбарига насиб этмаган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса, номзоди бу каби олий мукофотга уч қайта илгари сурилган илк Марказий Осиё давлати раҳбари бўлади.

Россия президенти номзодининг расман халқаро қўмита рўйхатига киритилганига оид хабар эса, жаноб Путин Украина инқирози юзасидан Ғарбнинг кескин танқидлари остида қолаётган бир манзарада ўртага чиқмоқда.

Россия раҳбари яқинда халқ инқилоби сабаб, москвапараст ҳукумати қудратдан кетган Украинага ўз қўшинларини киритиш эҳтимолини назардан соқит этмаётир.

Нобель халқаро қўмитаси эса, номзодларни саралаб бориш жараёнида Украина инқирозини ҳам атрофлича ўрганиб чиқмоқчи.

Шу боис ҳам, айрим таҳлилчиларга кўра, бошқа номзодлар билан солиштирганда, Россия раҳбарининг бу йилги мукофотни қўлга киритиш имкониятлари анчайин паст бўлиши мумкин.

Аммо, академиянинг қарори ортидан, Владимир Путин ҳозирча бу йилги Нобель Тинчлик мукофоти учун беллашаётган 300 га яқин номзод сафида.

Бу йил уларнинг орасида элликка яқин турли ташкилотлар ҳам бор.

Аммо, апрел ойи якунига қадар, халқаро қўмита рўйхатида бор-йўғи 12 тача номзод қолади, холос.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳеч бир йил бу қадар рекорд сондаги номзодлар рўйхати кузатилмаган.

Фақат Путин эмас...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу йилги кўпчиликни ҳайратга солган номзодлар орасида Россия Президенти Владимир Путин ягонаси эмас.

Шу жумладан, Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқаларга жиддий раҳна солган Америка Жосуслик Хизмати собиқ ходими Эдвард Сноуден, АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий амалиётларига оид махфий маълумотларини дунёга ёйган 25 ёшли аскар Брэдли Мэннинг ва Рим Папаси Франсис ҳам бу йил Нобель Тинчлик мукофотига даъвогарлик қилишмоқда.

Улар билан бир қаторда бу нуфузли мукофот учун ўзининг фаоллиги билан Толибон ҳаракатининг қаҳрига учраган покистонлик ўқувчи қиз Малала Юсуфзай ҳам беллашиб кўради.

Ўтган йил Нобель Тинчлик мукофотини Кимёвий Қуролларни тақиқлаш ташкилоти қўлга киритганди.

Бу йилги ғолиб ҳам, ҳар йилгисидек, октябр ойининг иккинчи жумасида эълон қилинади.

10 декабр куни эса, омади чопган инсон бўладими ёки ташкилот, $1.24 миллион доллар нақд мукофот пулини қўлга киритиши мумкин бўлади.

Нобель Тинчлик мукофоти илк бор 1901 йилда таъсис этилган.

Ушбу мукофотга номзодни дунё бўйлаб минглаб кишилар илгари суришга ҳақли ҳисобланишади.

Бунинг учун, ҳатто, бирор бир парламент аъзоси бўлишингизнинг ўзи ҳам кифоя қилади.

Обрўни айтинг, обрўни...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия Президенти Владимир Путин учун яна бир қувонарли ҳодиса эса, мамлакати халқи орасида яна обрўси ошгани бўлган.

Агар, “Левада” омма фикрини ўрганиш марказининг янги сўрови натижаларига таянилса, Россияда 2008 йилдан буён илк бор жаноб Путин сиёсатини ёқловчилар сони ортгани кузатилган.

Дейлик, Владимир Путин раҳбарликни қойиллатаяпти, дегувчи россияликлар мамлакат аҳолисининг қарийб 70 фоизини ташкил этишаркан.

Бунга нималар сабаб бўлди экан, десангиз, Сочи Қишки Олимпиада Ўйинлари.

Лекин, ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, сўров Украина инқирозидан бироз аввал ўтказилган.

Шу боис ҳам, сўров натижалари Россия халқининг ўз президентлари фаолияти борасида шу кунларда қандай фикрда эканликларини акс эттирмайди.