Саудия Арабистони "Мусулмон Биродарлар"ни террористлар сафига қўшди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Мусулмон биродарлар" тарафдорлари Мурсий ағдарилганидан буён норозилик билдириб келадилар.

Саудия Арабистони подшоҳлиги Мисрнинг исломий "Мусулмон Биродарлар" ташкилотини расман террористик ташкилот деб тан олганини билдирди.

Тақиқланган ташкилотлар қаторига Суриядаги жангларда фаол иштирок этаётган "Ироқ Ислом давлати" ва "Фронт ан-Нусра" гуруҳлари ҳам киритилган.

Бундан олдин Мисрнинг ҳарбийлар томонидан дастакланаётган муваққат ҳукумати "Мусулмон биродарлар"ни террорчи гуруҳ деб эълон қилганди.

Собиқ президент Муҳаммад Мурсий мансуб бўлган "Мусулмон биродарлар" бунгача ҳам расман маҳкама томонидан тақиқланган эди.

Миср бош вазири аксилҳукумат ҳужумларида масъул деб қаралган гуруҳ фаолларини террористлар деб атаган.

У Миср ҳукумати 1998 йилда терроризмга қарши биргаликда курашиш ҳақидаги битимни имзолаган бошқа араб давлатларини ҳам ўз қароридан огоҳ этишини билдирган.

Ташкилотнинг минглаб тарафдорлари ҳибсга олинган.

"Мусулмон биродарлар"нинг муҳожиротдаги раҳбари норозиликлар давом этишини айтган.

"Мусулмон Биродарлар" ҳаракати 1928 йил Мисрда ташкил топган, 20 асрнинг ўрталарига келиб, унинг аъзолари сони 500 мингга етган.

Ҳаракат исломий давлат тузиш ғоясини илгари суриб, сиёсий мақсадлар учун қуролли курашдан фойдаланишни инкор қилмайди.

"Мусулмон Биродарлар" таъсири Мисрдан ташқари Тунис, Ливия ва Сурияда катта.

85 йиллик тарихга эга исломий ташкилот 1954 йилда Мисрнинг ҳарбий бошқарувчилари томонидан тақиқланган, аммо шу йилнинг март ойида "Мусулмон биродарлар уюшмаси" номли ноҳукумат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга эришган.

2011 йилда тузилган Озодлик ва Адолат партияси ташкилотнинг сиёсий қаноти сифатида кўрилади.

2012 йил июн ойида қудратдан ағдарилган президент Ҳусни Муборак ўрнига демократик сайловлар орқали келган Муҳаммад Мурсий бир йилдан сўнг ҳарбий давлат тўнтариши орқасидан ҳокимиятдан кетазилган ва қамоққа олинган.

Муҳаммад Мурсийга давлатга хиёнат қилиш, намойишчиларни ўлдириш ва бошқа бир қанча айбловлар қўйилмоқда.

"Мусулмон биродарлар" тарафдорлари мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган биринчи Президенти Муҳаммад Мурсий шу йил 3 июлида ҳокимиятдан ағдарилганидан буён норозилик намойишлари ўтказиб келадилар.

Президент Мурсийнинг ағдарилиши ортидан Миср маъмурий маҳкамаси "Мусулмон биродарлар"нинг ҳуқуқий мақомини қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.