Малайзия йўловчи учоғи гаровга олингани эҳтимоли истисно қилинмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

10 март куни Малайзия расмийлари 8 март тонгидан буён ғойиб бўлган учоқ юзасидан матбуот анжумани ташкил қилганлар. Фуқаро авиацияси раҳбари Азҳориддин Абдул Раҳмон Boeing B777-200 учоғига нима бўлгани орадан уч кун ўтиб ҳам ўзларига маълум эмаслигини айтган, йўловчи учоқни гаровга олишга ҳаракат қилинган бўлиши мумкинлигини истисно этмаётганларини билдирган.

Бир кун олдин Вьетнам расмийлари денгизда "сариқ рангдаги объект" аниқлангани ҳақида хабар тарқатганлар, бироқ қоронғу тушиб қолгани сабабли унинг ғойиб бўлган учоқ қолдиғими ёки йўқлигини текшириш имкони бўлмаганини айтганлар.

Малайзия ўша ҳудудга қидирув кемаларини юборган. Кейинроқ у ҳалокатга учраган Боингга тегишли эмаслиги аниқланган.

Малайзия расмийлари Хитой жосуслик хизматлари билан бирга учоққа ўғирланган оврўполик фуқароларнинг паспортлари билан чиққан инсонларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ҳамкорлик қилаётганларини маълум қилганлар.

7 мартдан 8 мартга ўтар кечаси бортида 239 инсон билан Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилган учоқ тунги соат 2:40 ларда Малайзия билан Вьетнам орасида, Жанубий Хитой денгизи устида радарлардан ғойиб бўлган. Бундан олдин учоқ бортида шошилинч аҳвол ёки бирор носозлик ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган.

Учоқ эрталабки соат 6:40 да Пекинга қўниши мўлжалланган. Учоқда 14 мамлакатнинг 227 фуқароси, 12 экипаж аъзоси бўлган.

Бир неча соат давомида аэропорт эълонида учоқ кечикаётгани ҳақида хабар турган.

Учоқдаги йўловчилар рўйхатида бўлган бир Австрия ва бир Италия фуқароси паспортлари бундан олдин Таиландда йўқолгани маълум бўлган.

Бу икки йўқолган паспорт билан Пекинга учоқ чиптаси бирга харид қилингани аниқланган.

Текширувчилар ўғирланган паспорт билан парвоз қилган икки йўловчининг видеокамерада қолган ҳаракатини, бошқа Йўловчиларнинг ҳам шахсий маълумотларини ўрганмоқдалар.

Азҳориддин Абдул Рахмоннинг айтишича, парвоз учун рўйхатдан ўтган 5 йўловчи учоққа чиқмаган, уларнинг юклари парвоз олди тушириб қолдирилган.

"Ҳозирча икки ўғирланган паспорт билан чиққанлар ва учоқнинг ғойиб бўлиши ўртасида алоқа борлигини айтишга эрта. Бироқ Интерполда қидирувда бўлган шахслар нотаниш паспорт билан ўтишлари мумкинлиги соқит қилинмаяпти", деб айтган Интерпол вакили.

Интерпол вакили ўғирланган паспорт эгалари бу ҳақда ўз вақтида мурожаат қилмаганларини афсус билан қайд этган.

Малайзия расмийларига кўра, Боинг ғойиб бўлгунига қадар, аэропорт томонда орқага қайрилган, бироқ бу ҳақда хабар берилмаган.

Куала-Лумпур ва Пекин аэропортида учоққа чиққан йўловчиларнинг қариндошлари кутмоқдалар, уларга энг ёмон ҳолатга тайёр туриш маслаҳати берилган, руҳий ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Куала Лумпурлик киши қизи ва куёви учоқда бўлгани, оиласи ҳозир мотамда экани, лекин худонинг иродасига бўйсунишини айтади.

"Боинг" қидирувига Американинг Федерал Қидирув бюроси қўшилган. Шунингдек, Хитой, Сингапур, Вьетнам, Малайзия дохил 10 мамлакатнинг 40 кема ва 34 учоқлари қатнашяпти.

Қидирувчилар учоқнинг қора қутилари топилишига умид қилимоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ