АҚШ Давлат котиби Россия Президенти билан учрашувни бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жон Керри ва Сергей Лавров ўртасидаги учрашув керакли натижа бермаган.

Украина инқирозини ечиш борасида АҚШ таклиф қилган режаларга Россия томонидан ижобий муносабат бўлмас экан, Вашингтон Москва билан ўзаро музокаралар ўтказишдан фойда йўқлигини айтган. Шу ҳафта Президент Путин билан АҚШ Давлат котиби Жон Керри учрашуви кутилаётган эди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳамкасби Сергей Лавровга Россиянинг Қримдаги ҳаракатлари ҳар қандай мулоқот имконини мураккаблаштирганини билдирган.

Охирги кунларда Жон Керри ва Сергей Лавров ўртасидаги бир нечта учрашув бўлиб ўтган, лекин керакли натижа бермаган.

Оқ Уйнинг таъкидлашича, якшанба куни белгиланган Қрим референдуми бўлиб ўтадиган бўлса, музокаралар янада қисқаради.

Ўз ўрнида Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Вашингтон йўллаган "қоғоз"да Москвани қониқтирмайдиган талаблар бор.

Жумладан, АҚШ Қримдаги вазиятни фақат "Украина-Россия ўртасидаги инқироз" дея баҳолагани Кремлни қониқтирмайди.

Россияда Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш учун таклифлар мавжуд, дейди жаноб Лавров.

Оқ Уй Украинадаги муаммони ҳал қилиш борасида Россиядан аниқ далиллар лозимлигини айтмоқда.

Жон Керри бунинг учун аввало Россия қўшинлари Қримдан олиб чиқилишини кераклигини таъкидлаган.

Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Барак Обама билан ўтган телефон суҳбатларида Россиянинг Қримдаги ҳаракатлари қонунга биноан амалга оширилаётганини айтган эди.

Украина янги ҳукумати ва Ғарб давлатлари Қримнинг Россияга қўшилиш ҳақидаги референдумини ноқонуний деб аташган.

Украинада Миллий гвардия хавфсизликни ҳимоя қилади

Украина Ички Ишлар вазири Арсен Аваковга кўра, парламентда Миллий гвардия тузиш ҳақидаги қонун муҳокамага қўйилади.

Унинг айтишича, заҳирадагиларни жалб қилиш тез орада эълон қилинади.

Аваковнинг таъкидлашича, 20 минггача етказиладиган гвардиячилар мамлакат ичида ва чегарада тартибни қўриқлайди.

“Бу ташқи таҳдидга фуқаролик жамиятининг уюшган жавоби бўлади”, деб айтган Аваков “Фейсбукдаги саҳифасида.

Душанба куни НАТО Украинадаги вазиятни Полша ва Руминия ҳудудидан туриб кузатишини маълум қилган. Шу мақсадда НАТОнинг разведкачи AWACS учоқлари Украина чегарасига келтирилган.

Хабарларга кўра, Россияга тегишли деб кўриладиган белгисиз кийимдаги ҳарбийлар Қримдаги яна бир неча ҳарбий бўлинмаларни ишғол қилганлар.