Янукович тез орада Киевга қайтмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Мен тирикман. Мен албатта Киевга қайтаман, бунга жуда оз вақт қолди”, - деган Янукович.

Украинанинг қудратдан кетказилган президенти Виктор Янукович Ростов Дон шаҳрида иккинчи матбуот анжумани ўтказган.

“Мен Украинанинг нафақат қонуний президенти, мамлакатнинг олий қўмондони ҳам бўлиб қоламан. Мен тирикман. Мен албатта Киевга қайтаман, бунга жуда оз вақт қолди”, -деган Янукович жаноблари.

Янукович шунингдек, янги ҳукуматни Украинани фуқаролар уруши гирдобига тортмоқчи бўлаётганликда айблаган.

“Улар армияни Бандера байроғи остида фуқаролар урушига олиб кирмоқчи”, деб айтган Виктор Янукович янги ҳукуматни тан олмаслигини, ҳокимиятда миллатчи гуруҳлар турганини таъкидлар экан.

Ўз чиқишини Украина гимнидаги "Ще не вмерла Украина и слава и воля", сўзлари билан якунлаган Янукович матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб беришни хоҳламаган.

28 февралда ҳам Ростовда матбуот анжумани ўтказган Янукович ўзининг қонуний президент эканлигини таъкидлаган эди.

“Ҳеч ким мени ағдаргани йўқ. Мен ҳаётимга хавф борлиги боис Украинани тарк этишга мажбур бўлдим”, деганди у.

Янукович Россия Украинанинг йирик ҳамкори ва қўшниси сифатида мамлакат ишларига аралашишга ҳаққи борлигини урғулаган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Қримга бағишланган шошилинч йиғилишида Россия томони Украинага қўшин киритилишига асос қилиб Януковичнинг хатини кўрсатган эди.

Унга кўра, Янукович Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўраган.

Россия ҳам Украинанинг қонуний президенти сўровини эътиборсиз қолдирмаслигини айтган.