Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлиги: 'Януковичнинг қайтиш ҳақидаги баёноти ўринсиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлигининг сешанба куни кечга томон тарқатган баёнотида айтилишича, Украиндаги вазият туфайли халқаро ҳамжамият ҳис этаётган хавотирларга шерикдир.

"Қирғизистон Республикаси Украиндаги вазиятни издан чиқаришнинг ҳар қандай ҳаракатларига қаршидир. Шунинг учун 11 март куни Виктор Янукович томонидан қилинган баёнотни ўринсиз, деб ҳисоблаймиз", дейилади вазирлик баёнотида.

Баёнотда айтилишича, ҳар қандай мамлакатда ҳақиқий қудрат халқ қўлидадир.

"Ўз халқи ишончи, президентлик салоҳиятини йўқотган ва мамлакатдан қочиб кетган шахс легитим раҳбар бўла олмайди", дейилган Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган баёнотда.

Унда шунингдек, Қирғизистон Республикаси Украиндаги вазиятнинг тинч йўллар билан, диалог ва музокарлар орқали, Халқаро қонунчилик нормалари ва БМТ Уставига риоя қилган ҳолда ҳал қилиниши тарафдори эканлиги ҳам айтилган.

Аввалроқ Украинанинг қудратдан кетказилган президенти Виктор Янукович Ростов Дон шаҳрида иккинчи матбуот анжумани ўтказган.

“Мен Украинанинг нафақат қонуний президенти, мамлакатнинг олий қўмондони ҳам бўлиб қоламан. Мен тирикман. Мен албатта Киевга қайтаман, бунга жуда оз вақт қолди”, -деган Янукович жаноблари.

Янукович шунингдек, янги ҳукуматни Украинани фуқаролар уруши гирдобига тортмоқчи бўлаётганликда айблаган.

28 февралда ҳам Ростовда матбуот анжумани ўтказган Янукович ўзининг қонуний президент эканлигини таъкидлаган эди.

4 март куни Украинадаги воқеаларга илк бор муносабат билдирган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳодисалардан чуқур хавотир ва ташвишда эканини айтганди.

Вазирликнинг "Жаҳон" ахборот агентлиги томонидан тарқатилган баёнотида айтилишича, "Украинада рўй бераётган воқеалар... мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкин".

Ўзбекистон ҳам Украинада юзага келган зиддиятни халқаро ҳуқуқ доирасида тинч йўл билан ҳал қилишга чақирганди.

"Ўзбекистон Украинадаги муамммоли жараёнга аралашган томонлар босиқлик кўрсатиб, тез орада келишувга эришилишига умид билдиради", дейилганди "Жаҳон" агентлиги мурожаатида.

Украинада ўтган йилдан буён давом этиб келаётган норозилик чиқишлари, қурбонлар берилиши, ниҳоят президент Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилишига муносабатини айтмаган Ўзбекистон воқеаларнинг янада ривожланиши манзарасида Қозоғистондан кейин бунга журъат қилган.

Лекин бунда ҳам баёнотни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг ўзи эмас, "Жаҳон"ахборот агентлиги тарқатган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 3 март куни берган баёнотда Россия ва Украинани муаммони куч ишлатмай музокаралар орқали ечишга чақирган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ