Россиянинг Қримга хуружи нима учун халқаро қонунларга зид

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Парламентига кўра, агар ҳудуд аҳолиси 16 мартга режаланган референдумда қарор берса Қрим Россия ҳудудига қўшила олади.

Лекин Россиянинг Қримга мудохаласи халқаро қонунчиликка не қадар мос келади? Кембриж Университетида Халқаро Қонунчилик бўйича профессор Марк Веллер таҳлил қилади.

Қрим 1954 йили Украина Совет Социалистик Республикаси таркибига киртилганди. 1991 йили Совет Иттифоқи қулаши ортидан ҳам минтақа мустақил Украина таркибида қолди.

Россия аниқ-таниқ Украинанинг ўша вақтдаги чегаралари миқёсидаги ҳудудини тан олди.

Бу ҳолат 1. Совет Иттифоқини тарихга айлантирган 1991 йилги Олма Ота декларациясида 2. Украинанинг ўз ҳудудидан ядро қуролларини йўқотиш эвазига унинг хавфсизлигини таъминловчи 1994 йилги Будапешт меморандумида 3. Қора Денгиздаги Қрим бандаргоҳларидан Россия кучлари фойдаланиши ҳақида эришилган 1997 йилги битимларда қайд қилинган.

1997 йилги битим муддати 2010 йили яна 25 йилга узайтирилди.

Ушбу битим Россия кемаларининг Қрим бўғозида мавжудлиги, ҳарбий инфраструктура, машқ марказлари, артиллерия нуқталари ва қатор бошқа ҳарбий иншоотларнинг мавжудлигини ҳам назарда тутади.

Лекин Россия кучларининг ҳарбий қароргоҳлардан ташқари йирик ҳаракатлари албатта Украина томони билан келишилган тарзда амалга оширилиши ва мавжуд аскарлар сони бир томонлама равишда кўпайтирилмаслиги ҳам битимда айтиб ўтилган.

Битимнинг бу моддасига зид равишда Россия Украина тарафининг розилигисиз ҳарбий мавжудлиги миқёсини кенгайтирди.

Ўз қўшинларини ҳарбий базалар ташқарисида ҳаракатланишига изн бериб, ҳатто қўналғалар дохил қатор иншоотларни эгаллади ва Украина ҳарбий қароргоҳларини қамалга олди.

Россиянинг бу амаллари россияпараст маҳаллий маъмурларга Украинанинг қонуний расмийларини инкор қилиш имконини яратди.

Ҳуқуқий жиҳатдан бу тажовуз амалига баробардир.

Ҳарбий тажовузми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хорижий кучларнинг ўзга мамлакат раҳбарияти розилигисиз ўша ҳудудда мавжудлигининг ўзиёқ куч ишлатишни тақиқловчи халқаро қонунларнинг бузилишини англатадими? Ваҳоланки бу хориж кучлари биронта ҳам ўқ узмаган бўлсалар.

1974 йилги БМТ таърифига кўра, хорижий кучларнинг ўзга мамлакат ҳудудида мавжудлигини белгиловчи битимга зид равишда амаллари тажовуз ҳисобланади.

Лекин ҳозирча, БМТ хартиясига биноан Украина учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатларига туртки берувчи "қуролли ҳужум" рўй бермаган кўринади.

Дастлаб президент Путин Россия Парламентининг юқори палатасидан Қримдаги русийзабон аҳолини муҳофазалаш йўлида ҳарбийлардан фойдаланиш учун рухсат олди.

Лекин ҳозирча Россия ишончсиз равишда бўлса ҳам, ўзининг ҳарбийлари Қримдаги қарама-қаршиликда иштирок этмаётганликларини таъкидлаб келмоқда.

"Хориждаги миллатдошларни қутқариш доктринаси" ўзга мамлакатда яшаётган забондошларни куч билан "қутқариш" мақсадида миллатдош, дея эълон қилишни назарда тутмайди.

Бундан ташқари бу доктрина русийзабонларни Россияга кўчириш амалига туртки бериш мумкиндир, лекин ўзга давлат ҳудудини босиб олишни назарда тутмайди.

Москва шунингдек, "инсонпарварлик ёрдами мақсадида аралашув" доктринасидан ҳам фойдалан олмайди. Бу доктринага асосан бирон давлат бутун бошли миллатнинг келажаги хавф остида бўлган вақти, фавқуллода ҳолатда аралашиши мумкин.

Қримда ҳозирча бу каби фавқуллода ҳолат рўй берганлигининг далиллари йўқ.

Россиядан ёрдам сўраганлари учун келишдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров БМТда қудратдан ағдарилган президент Виктор Янукович томонидан ёзилган "кўмак бериш ҳақидаги" мактубни кўз-кўз қилди.

Лекин жаноб Янукович амалда мамлакат устидан назоратни қўлдан берган экан у бирон хорижий кучларнинг мамлакатга келишларига рухсатни ҳам бера олмайди.

Россиянинг жаноб Янукович ноқонунуий равишда қудратдан ағдарилгани ҳақидаги даъволари бу манзарада асосий белгиловчи далил бўлиб хизмат қилмайди.

Виктор Янукович Украина Конституциясида қайд қилинган ишончсизлик билдириш жараёни натижасида қудратдан четлатилмаган бўлса ҳам, Парламентда якдиллик билан вазифасидан мосуво этилган.

Шунга ўхшаш, Россиянинг "кўмаги"ни сўраган янги Қрим маъмурияти ҳам бу каби амалга қонуний ҳуқуқи йўқ.

Қрим автоном ҳудуди ўз мавқеини ўзгартириш йўлида ҳаракат қилиш ҳуқуқига эгадир, лекин халқаро саҳнадаги ҳодисалар тарихидан келиб чиқсак, маҳаллий аҳоли бу қадамни қўллаб овоз берса ҳам Қрим шунчаки бир томонлама равишда ажраб чиқиш ҳақида қарор қабул қила олмайди.

Бунинг ўрнига Қрим эҳтимолий ажраб чиқиш имкониятларини мубоҳаса қилиш учун марказий Киев ҳукумати билан музокараларга киришиши керак бўлади.

Халқаро воқелик кўп ҳолларда бирон ҳудуднинг бўлгинчилик интилишларини мавжуд ҳудудий чегаралар доирасида қўллайди.

Бундан ташқари халқаро қонунчилик "қурол мили остида ажрашиш" концепциясини ҳам тан олмайди. Яъни Қрим заминида Россия аскарлари қурол кўтариб, назоратни амалга ошираётган эканлар минтақа ажраб чиқиш, ё-да Россия ҳудудига қўшилиш жараёнида илгари силжий олмайди.