Йирик еттилик Россияни яна бир марта огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

G7 гуруҳи аъзолари Россиянинг Қримдаги барча ҳаракатларига чек қўйишга чақирган.

Қудратли еттилик раҳбарлари шунингдек, келадиган якшанба куни ўтказилиши режаланган Қримнинг Россияга қўшилиши ҳақидаги референдум натижаларини тан олмасликларини билдиришган.

"Референдум Украина Конституциясини очиқдан -очиқ бузиш бўлиб, у юридик кучга эга бўла олмайди".

Айни пайтда Украина миллий хавфсизлик раҳбари мамлакат чегараларига Россия қўшинлари тобора кўпаяётганидан огоҳлантирмоқда.

Андрей Парубийга кўра, Москва Украинанинг шарқий ва жанубий чегараларига яқин ҳудудда ҳарбий амалиётлардан сўнг уларни олиб чиқиб кетмаган.

Бу Украина хавфсизлигига тобора таҳдид солади, дейди Украина миллий хавфсизлик раҳбари.

Дунёнинг етти ривожланган давлати- Британия, Канада, Франция , Олмония, Италия , Япония ва АҚШ Оврўпо Иттифоқи билан бирга Россияни Қрим мақомини ўзгартиришга уринишлардан тўхташни ҳамда инқирозни ечиш учун расмий Киев ва халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилишга чақирган.

АҚШ сенаторлари чоршанба куни Россияни йирик саккизлик таркибидан чиқариш ва 2018 йилда ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатидан Россия мезбонлигини олиб қўйиш учун овоз берганлар.

Буни ёқлаб 200 дан ортиқ сенатор овоз берган.