Россия Украина билан инқироз музокараларини рад этаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Турчинов Украинанинг жанубий ҳудудларини хавф остига қўймаслик учун ҳарбий аралашув бўлмаслигини айтди.

Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчиновга кўра, Россия Қримдаги инқирозни ечиш масаласида Киевнинг дипломатик таклифларига жавоб бермаяпти.

Шу боисдан расмий Киевнинг Россия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳам ёки ундан юқори ҳукумат даражасида ҳам музокара ўтказишининг имкони йўқ.

Олмония ва Британия дохил Ғарб давлатлари Украина инқирозини бартараф этиш масаласида халқаро мулоқот гуруҳини тузишга уринишмоқда. Бироқ муаммони Россия иштирокисиз ҳал қилиш барибир мушкул.

Шунингдек, жаноб Турчинов Украинанинг жанубий ҳудудларини хавф остига қўймаслик учун Қримга ҳарбий аралашув бўлмаслигини айтган Франс Пресс агентлигига.

"Биз Қримда ҳарбий амалиёт бошлай олмаймиз, шарқий чегара хавф остида қолади ва Украинани бу тарзда ҳимоя қилиш иложсиз", деган у.

Турчинов Қримдаги референдумнинг тақдири аллақачон Москвада ҳал қилингани, Қримнинг аксарият аҳолиси бу ёлғонни бойкот қилишини таъкидлаган. "Россия кучлари референдум ўтказишмайди, балки унинг натижаларини шунчаки сохталаштиришади, холос", дейди Турчинов.

Бундан олдин муваққат президент Украинада миллий гвардия тузилиши зарурлиги, чунки атиги олти минг аскар жанговар ҳолатдалигини қайд этганди.

Унинг сўзларига кўра, миллий гвардия ҳарбий тажрибаси бор, ички ва ташқи тажовузга қарши бўлган кўнгиллилардан тузилади.

Бугун, 12 мартда Украина бош вазири Арсений Яценюк Оқ Уйда президент Барак Обама билан учрашиши кутилмоқда.

Оқ Уй вакилининг билдиришича, Яценюкнинг Америкага таклиф қилиниши АҚШ Украинанинг янги ҳукуматини қувватлаши белгисидир.

Расмий Киев ҳам Арсений Яценюкнинг Обама билан учрашуви дунёда янги тузилган ва ҳали синовдан ўтмаган ҳукуматга бўлган ишончни оширади, деб умид қилади.

Мухбирларнинг хабар қилишича, Яценюк учун Обама билан ваъда қилинган 35 миллиард доллар ёрдамни олиш тартибини муҳокама этиш муҳим.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбирига кўра, Обама фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Россияни ўз қўшинларини Қримдан олиб чиқиб кетишга чақириши, 25 майдаги президентлик сайловларини ва янги ҳукумат билан тўғридан тўғри мулоқотни қувватлаши кутилмоқда.

Яценюк бундан ташқари БМТнинг Хавфсизлик кенгашидаги мажлисда қатнашади.

11 мартда Ростовда матбуот анжумани ўтказган ағдарилган президент Виктор Янукович эса АҚШ конгресси, сенати ва Олий судини Украина ҳукумати билан ҳамкорлик қилмасликка чақирди.

АҚШ ва Ғарбнинг аксарият давлатлари Янукович қудратдан кетказилгандан буён Киевдаги янги ҳукуматни дастаклаб, инқироздан чиқиш учун молиявий ёрдам ваъда қилишмоқда.

Эълон қилинган референдумга саноқли кунлар қолар экан, Украинанинг Донецк, Харков шаҳарларида Россияга қўшилишни ёқлаб намойишларга чиқишган.

Референдумни бойкот қилишни айтаётган Қрим татарларига Қримнинг россияпараст ҳукумати турли ваъдаларни бермоқда.

Расмий тил мақоми, ҳукуматдан ўрин ва бошқа имтиёз ва енгилликлар шулар жумласидандир.

Сешанба куни Москва 4000 десантчилар иштирокида кейинги 20 йилда энг катта бўлган ҳарбий машқ ўтказган.

Айни пайтда Вашингтон ва Брюссел Россиянинг Украина ҳудудий яхлитлигига дахл қилганлигига қарши янги санкциялар киритишни режалаштиряпти.