Лавров ва Керри Қрим бўйича келиша олмадилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия ва Ғарб Қрим масаласи борасида ўзаро фарқларни бартараф қила олмадилар. Лондонда АҚШ Давлат Котиби Жон Керри билан учрашувидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ана шундай баёнот қилди.

Айни дамда, жаноб Лавров Россия Украинанинг шарқий вилоятларига бостириб киришни ҳеч қачон истамагани ва истамаслигини таъкидлади.

Лондондаги тезкор учрашув якшанба куни Қримнинг мустақиллиги борасидаги бўлиб ўтадиган референдумдан олдин йирик сиёсий инқирозни бартараф қилиш йўлидаги охирги ҳаракат эди.

Аввалроқ Жон Керри, агар Қрим Россияга қўшиб олинса, Ғарб "анча жиддий чоралар" кўриши ҳақида гапирганди.

"Биз бу вазият борасида бир хил қарашга эга эмасмиз", - деди Лавров Керри билан ўтган узоқ учрашуви ортидан. Бироқ, у учрашувни "фойдали" дея таърифлади.

"Биз 16 мартда бўлиб ўтадиган референдумдаги Қрим халқи хоҳиш-истакларини ҳурмат қиламиз", - деди Россия ташқи ишлар вазири.

"Комора Францияга, ёки Фолкленд ороллари Буюк Британияга қанча муҳим бўлса, Қрим Россия учун унданда муҳимроқ", - деди Лавров.

"Қримда қандайдир жиддий қонунбузарликлар бўлмаётганининг сабаби шуки, у ерда қўшимча чоралар кўрилди, халқ мудофааси қўриқчилари қатъият билан вазиятни қўлга олиб, Майдонда бўлган воқеаларнинг такрорланишига йўл қўймадилар. Майдонда, дарвоқе, ҳали ҳам чодирлар жамлоғи бор" - деди у Россиянинг Қримдаги амалларини ҳимоя қила туриб.

Россиянинг Қримни қўшиб олиши ортидан Ғарбнинг эҳтимолий жазо чоралари ҳақида сўралганида, Лавров охирги учрашувида Керри Россияга нисбатан ҳеч қандай таҳдидлар қилмаганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи US State Department

"Жазо чораларига келсак, биз ахборот фазосида яшаяпмиз, биз Вашингтонда ё Оврўпода бўлаётган мунозаралар ҳақида ўқияпмиз, эшитаяпмиз, биламиз. Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, бизнинг шерикларимиз жазо чоралари аслида ҳеч қандай мева бермайдиган қурол эканини билишади... Бу бизнинг ўзаро мавжуд бўлган бизнес манфаатларимиз, ва умуман, шериклигимиз тараққиётига ёрдам бермаслигини билишади", - деди Лавров.

Би-би-си мухбирига кўра, Вашингтон ва Оврўпо пойтахтларида Украина билан чегара ҳудудларда Россия қўшинларининг йиғилиши, ҳамда Украина шарқида фуқаролар тўқнашувлари авж олганидан чуқур ҳавотир юзага келган.

"Россия Украинанинг жануби-шарқига бостириб кириш бўйича режага эга бўлмаган ва эга эмас... Бизда Украина борасидаги сиёсатимизнинг шаффофлигини таъминламаслик режаси йўқ", - деди у.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри, ўз навбатида, Сергей Лавров билан музокаралари "кўп қиррали" ва "ўта батафсил" бўлгани, ва олти соат давом этганини билдирди. Лекин, шунга қарамай, икки томон яна келишувга эриша олмаган.

Керрининг айтишича, у Лавровга Россиянинг манфаатлари сақланиб қолган ҳолда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини бузмаслик бўйича қатор вариантларни таклиф қилган.

Бироқ, давлат котибига кўра, унинг россиялик ҳамкасби аниқ ишора берганки, Президент Путин референдум бўлиб ўтмай туриб ҳеч қандай қарор қабул қилишни истамайди.

Your contact details
Disclaimer