Москвадаги "Тинчлик юриши"да ўн минглаб одамлар қатнашди

Москва марказида Россиянинг Украина ҳудудида ҳарбий амалиётларни амалга оширишига қарши ўтказилаётган "Тинчлик юриши"га ўн минглаб одамлар йиғилган. Бу ҳақида Би-би-си рус хизматининг мухбири Юрий Маловерьян хабар қилмоқда.

Аввалига Украинага қўшинларнинг олиб киритилишига қарши режаланган мазкур намойиш эндиликда интернетдаги оммабоп сайтларнинг ман қилиниши ва "Лента.ру" интернет нашри раҳбариятининг ишдан бўшатилишига қарши юришга ҳам айланди.

Бироз аввал, шанба куни эрталаб, Сергей Кургиняннинг Президент Владимир Путинни қўллаб-қувватловчи "Суть времени" (Вақт мазмуни) ҳаракатининг юришини бўлиб ўтди. Ундан 10 минг атрофида одамлар қатнашди.

Ички Ишлар вазирлиги маълумотига кўра, "Тинчлик юриши" уч минг одамни йиққан, Россия ҳукумати тарафдорлари юришида эса, вазирликка кўра, 15 минг одам иштирок этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Вазирликнинг баёнотида урушга қарши чиққан намойишчилар "Қримнинг Россияга қўшилишига қаршилар" дея таърифланган, Россияпараст намойишнинг аъзолари эса "фашизмга қарши" фаоллар дея олқишланган.

Баъзи кузатувчиларнинг икки томон орасида тўқнашувлар юз бериши мумкинлиги борасидаги хавотирлари оқланмади.

Москвада аввал ҳам Қримга бостириб киришга қарши рухсатсиз акциялар бўлиб ўтганди, бироқ унинг аъзолари ҳибсга олинганди.

Лекин, айни дамда ҳукуматнинг ўзи томонидан Васильевский мавзесида уюштирилган Қримнинг Россияга қўшилишини қўллаб-қувватловчи тезкор митингга ўн минглаб одамлар йиғилган. Баъзи маълумотларга кўра, мазкур намойишга бюджет ташкилотларининг ходимлари олиб чиқилганлар.

Your contact details
Disclaimer