Малайзия: Йўқолган учоқ учувчилари уйлари текширилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Малайзия ҳаво йўлларининг бедарак кетган учоғи учувчилари уйлари полиция тарафидан текширилган. Учоқ 8 кун олдин бордида 239 киши билан ғойиб бўлганди.

Полиция, шунингдек, 53 ёшли Заҳари Аҳмад Шоҳ ва унинг ҳамкасби 27 ёшли Фариқ Абдул Ҳамиднинг оила ҳаёти ва руҳий ҳолати билан ҳам қизиққан.

Аввалроқ, расмийлар учоқнинг алоқа тизими атайдан ўчириб қўйилгани борасида айтишган.

Куала Лампур-Пекин йўналиши бўйича парвоз қилган самолёт ўз йўлини ўзгартирганига ишонилади.

Малайзия Бош Вазири Нажиб Разақнинг айтишича, сунъий йўлдошлардан олинган далиллар учоқ алоқа тизими ўчирилишидан кейин ҳам яна етти соат осмонда учиб юрганини кўрсатади.

Бош вазирнинг қўшимча қилишича, самолётни Қозоғистондан тортиб Ҳинд уммонига қадар ҳар қаерда бўлиши мумкинлиги тахмин этилади.

Аммо, жаноб Разақ учоқ олиб қочилган дейишдан тийилади, аммо "ҳамма эҳтимоллар" текширилаётганини айтади.

Бошида катта эътибор қаратилмаган учоқнинг олиб қочилиши назарияси ҳозир яна эҳтимоллар рўйхатига киритилган.

Учоқнинг алоқа тизими ҳавода ўчириб қўйилгани ҳақидаги маълумот учувчилар буни ўз ихтиёрлари билан қилишганми ёки мажбурланганми деган саволларни уйғотади.

Бунинг ортидан эса, учоқда бўлган шахслар, йўловчилар ва ходимларга қайтадан диққат қаратилади. Текширувчилар бу одамларда яқин ўртада руҳий хасталик, оилавий ва ё ўта асабийлашув муаммолари бўлганми йўқлиги билан қизиқишмоқда.

Тўрт ҳафтагина муқаддам Эфиопия ҳаво йўллари учувчиси Швейцариядан сиёсий бошпана сўраш мақсадида ўз самолётини олиб қочганди.

Малайзия учувчиларининг руҳий ҳолатига оид рекордда қусур кўринмаган эса-да, уларнинг уйларида барибир текширув ўтказилган.

Террорчилик борасидаги фаразларга келадиган бўлсак, очиқ-ойдин гумондорлар йўқ.

Минтақадаги бир пайтлар қудратли террорчи гуруҳ саналган "Жамоати Исломия" бу каби ишни амалга оширишга қодир деб кўрилмайди.

Хитой бўлгинчилари ҳодиса ортида турганларига ҳам шубҳа қилинади.

Бошқа бирон бир танилган гуруҳ масъулиятни зиммасига олиб чиқмади.

Шундай экан, бу иш ортида жиноий мақсадлар ётгани эҳтимоли назардан соқит қилингани йўқ.

Малайзия ҳукумат ҳозир учоқни қидириш амалиётларига 25 давлат қўшилганини айтишмоқда. Қидирув амалиётлари Марказий Осиёдан тортиб Ҳинд уммони жанубий ҳудудларига қадар ерни қамраб олади.

Бу мавзуда батафсилроқ