Сурия армияси Ябруд шаҳрини исёнчилардан озод қилган

Сурия ҳукуматига кўра, исёнчиларнинг охирги қароргоҳларидан бўлган Ливан билан чегарадаги Ябруд шаҳрида ҳукумат кучлари назорат ўрнатган.

Ҳукумат армияси ва Ливаннинг "Ҳезболлоҳ" гуруҳи шаҳарни бир неча ҳафтадан буён қамал қилиб келаётган эдилар.

Ябруд шаҳри уч йилдан буён жангариларнинг муҳим қароргоҳи ва асосий транспорт йўналиши ҳисобланган.

Сурия армияси ўтган йилнинг ноябр ойида Ливан чегарасига яқин Қаламун тоғида исёнчиларга қарши йирик амалиётни бошлаган эди.

Охирги пайтда Ассад кучлари Кара, Дейр Аттия, Набак шаҳарларини исёнчилардан тортиб олган. Дамашқни Хомс билан боғловчи стратегик муҳим автомобил йўлини қўлга киритган.

Якшанба куни "Ҳезболлоҳ"нинг икки аскари Сурияга яқин Бека вилоятида автомашинага ўрнатилган бомба портлашидан ҳалок бўлган.

Сурия армиясини дастаклаётган шиа жангчилари исёнчилар томонидан тез-тез нишонга олинади.

Шунингдек, Ал-Набийдаги қишлоқда содир бўлган портлашда уч шиа ўлдирилган.

Айни пайтда Ал-Қоидага алоқадорлиги айтиладиган "Ал Нусра Фронти"нинг Твиттердаги мурожаатига кўра, ҳужум Эрон партиясининг Ябруддаги жирканчликларига қарши тезкор жавобдир.

Ҳужумга масъулиятни яна бир гуруҳ "Аҳрор ал-Сунний" зиммасига олиб, уни "Ярмуқ учун ўч" деб атаган.

Сурия телевидениеси Ябруднинг кўчаларида юрган аскарларни кўрсатган.

Мухолифатдаги манбаларнинг айтишича, "ҳукумат шаҳарни ҳали тўлиқ назоратга олди, деб бўлмайди. Баъзи жангарилар охирги қонлари қолгунча олишишга тайёр".

Ябруддаги қақшатқич жанглар сабабли 40 мингдан ортиқ киши қўшни мамлакатлар, аксарияти Ливанга қочиб ўтганлар.

Сурияда уч йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида 100 мингдан ортиқ инсон қурбон бўлган. 2,5 миллион киши мамлакатни ташлаб чиққан. 6 миллион 500 минг одам Сурияда қочқинлар жамлоғида жон сақламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ