'Қримда ҳаёт мавҳумликда қолган'

Симферополдан журналист Ленур Юнусов
Image caption Симферополдан журналист Ленур Юнусов

Россия ҳарбийлари назорати остида қолаётган Қримда аҳолининг бир қисми Россияга қўшилишни олқишлашаётган бўлса, ярим орол Украина таркибида қолишини истаганлар ўз келажаклари мавҳум қолганини айтадилар.

Қримдан Би-би-си мухбири хабар қилишича, ярим оролдаги Украина ҳарбийларига босимлар кузатилаяпти.

У ердаги вазият ва одамлар кайфияти ҳақида биз Симферополдан журналист Ленур Юнусовдан сўрадик.

Ленур Юнусов: Ҳозир ҳамма Россия қандай қарорга келади, деб кутишаяпти. Россия Қримни ўз таркибига қўшиб олади, дейишаяпти. Агар шундай бўлса, Қримда кўпчилик ҳаётини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ҳозирнинг ўзида одамлар Қримни тарк этишни бошладилар. Бундай одамлар сони минглаб дейилаяпти. Улар Киев, Львов ва Украинанинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтишаяпти. Бугун халқаро жамғарма, халқаро ташкилотлар Қримдан айрим журналистларни олиб чиқиб қўйганлари ҳақида хабарлар тарқалди. Чунки, бу журналистнинг саломатлиги, уларнинг ҳаётига таҳдид бўлган. Яъни, Қрим сўз эркинлигини ифода этиш ҳаёт учун хавфли ҳудудга айланмоқда. Одамларнинг оддий ҳаётига тўхталадиган бўлсак, улар бизнинг банк омонатларимизга нима бўлади, мол-мулкимизга нима бўлади, Украина олий ўқув юртларининг дипломларига нима бўлади, бу ердаги Украин тилида сабоқ берадиган мактабларга нима бўлади, деган саволлар остида қолганлар. Одамларнинг ҳаёти мавҳумликда қолган, ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди.

Би-би-си: Ҳозир Қримда бўлган Би-би-си мухбири хабар қилишича, у ердаги Украина армияси ҳарбийларига босим ўтказилаяпти. Уларга, ёки Россия армиясига қўшил ёки Қримдан чиқиб кет, деган шарт қўйилаётган экан...

Ленур Юнусов: Чиндан ҳам шундай бўлаяпти. Ўзларининг ҳарбий базаларида турган Украина ҳарбийлари олдига ультиматум қўйишган - ёки қуролингизни ташлаб Қрим армиясига қўшиласиз ёки Украинага кетишингиз керак, деган талаб. Ҳа, бу ердаги Украин ҳарбийлари ана шундай босим остида қолганлар.

Би-би-си: Бугун дўконларда олди-сотди қилишда муаммолар юзага келгани, дўконлар банк карточкаларини қабул қилмаётганлари ҳақида хабарлар тарқалди. Бу муаммолар нақадар кенг тарқалган?

Ленур Юнусов: Тўғри. Қримда энг йирик банк "Приват-банк" ҳисобланади. Кеча бу банк ишламаган. Айтишларича, гўёки бу нарса "Приват-банк"нинг Украина миллий пул бирлиги гривнадан Россия рублига ўтаётгани билан боғлиқ. Нақд пул олиш учун банкоматга борсангиз, кўплаб банкоматларда пул йўқ. Қримдаги одамлар пулларини бу ердаги Украина банкларида гривнада омонат қилиб сақлашган, уларнинг депозитлари, кредитлари ва ҳоказолар ҳаммаси Украина пул бирлигида бўлган. Бутун Қримдаги банк тизими вайрон бўлиши мумкин. Банк тизимига нима бўлишини ҳам ҳеч ким билмайди.

Би-би-си: Қримда нечта банкнинг бўлимлари фаолият юритади?

Ленур Юнусов: Қримда Украинадаги деярли барча банкларнинг бўлимлари бор. Украинадаги жами банкларнинг сони ҳозир аниқ ёдимда йўқ. 100 тача бўлса керак. Ана шу банкларнинг ҳаммаси бу ерда филиалларини очишган. Чунки Қрим ҳар доим банк фаолияти учун манфаатли ҳудуд бўлган. Қрим дам олиш жойи, шунинг учун бу ерга сайёҳлар кўп келишади. Қримга ҳар йили ҳордиқ учун келадиган туристларнинг 70 фоизи Украинадан бўлган ва улар ўзларининг банк карточкалари билан бу ерда ҳисоб-китоб қилишган. Энди бу банкларга нима бўлади, мен билмайман.

Бу мавзуда батафсилроқ