АҚШ-Россия муносабатлари таранглашаркан, Совуқ уруш шамоли эсмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи crimea

20 йилдан ортиқроқ вақт муқаддам совуқ уруш тугаганидан бери Россия ва Ғарб бу қадар юзма-юз қарама-қаршиликка бормаганди.

Қрим референдумида 97 фоиз Россияга қўшилишни маъқуллаб овоз бергани эълон қилингани авж нуқта бўлди.

Москва ва Вашингтон муносабатлари бугун қанчалар пастга шўнғигани борасида тасаввур қилишингиз учун Россия давлат назоратидаги Биринчи каналга қарашингиз кифоя.

Якшанба куни янгиликлар таҳлилига оид дастурда Кремлга содиқати билан танилган бошловчи ядровий бомба портлаши акс этган сурат қаршисида туриб олди.

"Россия Қўшма Штатларни радиоактив чангга айлантиришга қодир дунёдаги ягона мамлакат", деди у.

Ва у ҳазиллашмаётган эди.

Нариги бурчакда эса, Президент Обама Оврўпога сафар қилиши ва Вице-президенти Жо Байден Полша ва Литвага бораётганини эълон қилди.

"Биз айтмоқчи бўлганимиз аниқ", деди жаноб Обама.

"Биз НАТО иттифоқчилари жиддий мудофаа мажбуриятига эгамиз ва бунда собитмиз", дея қўшимча қилди у.

Россия Ғарбнинг Қримдан қўшинларни олиб чиқиш ва у ердаги референдумни тўхтатиш борасидаги чақириқларига писанд қилмас экан, муносабатлар дипломатиядан қарама-қаршиликка айланиши муқаррар эди.

Москва ўз истагида ортга боқмай олдинга қадам босишда давом этди ва сешанба куни Кремлда маъруза қилган Президент Путин Россиянинг Қрим борасидаги амалларини оқлади.

Қизил Майдонда эса, "Биз биргамиз" деб номланган концерт режаланганди.

Жазо чоралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Владислав Сурков АҚШ жазо чораларини беписандлик билан қабул қилди

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи эса, қатор жазо чоралари билан жавоб қайтарди.

Ҳар икки томон ҳам Қрим ва Россия расмийларини нишонга олди.Россия ва Украинанинг 21 давлат мулозими Оврўпо давлатлари ҳудудига кириши тақиқланди ва банк ҳисоблари музлатилиши билдирилди.

Вашингтон қудратлироқ сиёсатчилар ва маслаҳатчиларни нишонга олди. Рўйхатнинг бошида Владимир Путиннинг яқин ёрдамчиси Владислав Сурков турибди.

Ўтган 10 йил асносида у тепасида Путин турган авторитар ҳукуматни яратишга кўмак берган асосий шахс деб кўрилади.

Иккинчи ўринда Россия раҳбарининг яна бир ёрдамчиси, Украина масалалари бўйича асосий маслаҳатчи Сергей Глазьев қўйилган.

Қолган 9 нафари - Россия парламенти юқори палатасидан ва Қримдаги этник руслар.

Аммо, уларнинг Қўшма Штатларда музлатишга арзигулик банк ҳисоблари, ҳиссалари ёки мол-мулки борми йўқлиги маълум эмас.

Жазо чоралари эса, рўйхатдагилар тарафидан назар-писанд қилинмай кутиб олинди.

"Вашингтон маъмуриятининг қарорига мен Россияга хизматларимнинг тан олиниши деб қарайман", деб айтган Владислав Сурков Россия рўзномаларидан бирига.

"Бу мен учун катта шараф", дея қўшимча қилган у.

18 мартда парламент қаршисида чиқиш қилган Владимир Путин Қримнинг Россияга кириши ҳақидаги шартномани имзолаш мақсадга мувофиқ деб билишини маълум қилди.

Энди Ғарбнинг жазо чоралари кимга ва ё нимага қаратилади?

Жаноб Путин Украина шарқига қўшин йўлласа оқибати нима бўлади?

Кейин Ғарбнинг ушбу совуқ урушга муносабати қандай бўлади?

Бу мавзуда батафсилроқ