"Қримдаги Украин ҳарбийларига Россия тарафига ўтиш шарти қўйилган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қримдаги Россияпараст қуролли кучлар ва Украина ҳарбийлари рўпарама-рўпара келиши Қрим инқирозининг илк соатларидан бошланган.

Қрим Россияники деб эълон қилинганидан кейин Украина ҳарбийларидан ёки Россия армиясига қўшилиш ёки Қримни тарк этиш талаб қилинмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати Қримдаги Украин ҳарбийлари вазиятини тушунтириб беришни ВВС Жаҳон хизмати муҳаррири Олексий Солохубенкодан сўради.

Ярим оролда ҳозир қанча ҳарбий бор?

Олексий Солохубенко: Расмий маълумотларга кўра, Қримда 20 минг атрофида Украина ҳарбийлари жойлашган. У ерда 38 та ҳарбий база бор. Бу базаларнинг ичига ҳарбий-денгиз базалар, пиёда қўшинлари, артиллерия, истиҳборот ва ҳарбий-ҳаво кучлари базалари киради. Қримда Россиянинг 25 минг қўшини жойлаштирилгани хабар қилинган. Сўнгги воқеалар пайтида ярим оролга Россиядан яна кўплаб қўшимча қўшинлар сафарбар этилганини кўрдик. Қримда сирли ўз-ўзини бошқариш кучлари деб аталган қуроллиларни ҳам кўраяпмиз. Хуллас, ҳозир Қримда йирик сондаги ҳарбийлар жамланганини кўрамиз.

Би-би-си: Хабарларга қараганда, ҳозир Қримдаги Украин ҳарбийларига Россия тарафига ўтиш шарти қўйилган. Бунга кўнмаганларнинг эса у ерда оилалари, уй-жойи бор, фарзандлари мактабларга боради. Мана шундай вазиятда Украин ҳарбийлари нима қилишлари керак?

Олексий Солохубенко: Бу Россия ҳукуматининг расмий мавқеи. Кеча ВВС билан суҳбатда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков буни тасдиқлади. Бу чиндан ҳам жуда қаттиқ ультиматум. Сиз айтганингиздек, Қримда узоқ йиллардан буён ишлаб келган Украина зобитлари бор. У ерда уларнинг мол-мулки бор. Улар Россия тарафга ўтишни исташмайди. Бу вазиятга Украина ҳукумати ҳам қандайдир таъсир кўрсатолмайди. Чунки Украина ҳукумати на Россия, на Қрим расмийлари билан мулоқот қилмаяпти ҳозир. Шунинг учун ҳам инсоний нуқтаи назардан бу муаммонинг ечими мушкул бўлиб қолаяпти.

Би-би-си: Ҳозир Қримдан олинаётган хабарларда у ердаги бизнесларни тортиб олиш бошлангани хабар қилинмоқда. Бу хабарлар нақадар асосли?

Олексий Солохубенко: Биз олган охирги хабар - бу Қрим раҳбарларининг Украинага тегишли бўлган барча давлат мулклари Қрим тасарруфига ўтиши ҳақида эълон қилганларидир. Қрим Россия таркибига кирди деб эълон қилингани учун энди бу мол-мулк Россия давлат мулкига айланади. Қримда Украина давлатига тегишли банклардан ташқари "Черноморнафтогаз" нефт қазиб олиш ширкати муҳим бизнес ҳисобланади. Бу ширкат Қрим соҳиллари атрофида денгизда газ ва нефт қазиб чиқариш билан шуғулланади. Агар бу ширкат Россия давлат мулкига айлантирилса, куппа-кундузи содир этилган талончилик бўлади. Аллақачон Россиянинг "Газпром" ширкати вакиллари Қримда экани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, Украина савдо-тижорат кемаларининг қатнови нима бўлади, Азов денгизига нима бўлади - бу саволлар Қримда бизнес ва иқтисодиётга боғлиқ мушкулликлар пайдо қилган кўпдан-кўп саволлардан айримларидир.

Бу мавзуда батафсилроқ