"Свобода" депутатлари телевидение раҳбарини мажбуран истеъфога чиқаришган

Image caption "Свобода" депутатлари Александр Пантелеймоновнинг хонасида.

"Свобода" партиясининг депутатлари Украина миллий телевидениеси раҳбари Александр Пантелеймоновни ариза ёзишга мажбурлаганлари ҳақидаги лавҳа интернет тармоқларига чиқиб кетган.

Украина ҳукумати "Свобода" партиясининг ушбу ҳужумини қоралаган.

Украина муваққат бош вазири Арсений Яценюк "Свобода" партияси депутатларининг телевидение раҳбарига нисбатан бундай ҳаракатни қабул қилиб бўлмаслигини айтган.

"Бу бизнинг йўлимиз эмас. Оврўпо Иттифоқига қараб борадиган мамлакат Оврўпо жамиятининг қадриятлари ва тартиблари асосида иш кўриши керак", деган бош вазир Фейсбукдаги саҳифасида.

Унинг фикрича, Миллий телевидение раҳбарияти фаолиятига алоҳида шахслар эмас, балки Украина Вазирлар маҳкамаси мавжуд қонунлар асосида баҳо бериши лозим.

Интернетга жойлаштирилган видеолавҳадан бир нечта депутатлар Александр Пантелеймоновни куч билан стулга ўтқазишгани кўринади.

Депутат Игор Мирошниченко Пантелеймоновни уриб, Биринчи канални ёлғончиликда айблайди.

Депутат Игорь Мирошниченко , сиёсатчи Богдан Бенюк ва Андрей Ильенколар бўлган гуруҳнинг Пантелеймоновга норозилиги биринчи каналда Владимир Путиннинг Қримдаги чиқиши билан боғлиқ лавҳаларни кўрсатгани учун бўлган.

Украина Ички Ишлар вазири Арсен Аваков ҳам Фейсбукда депутатларнинг ҳаракатларини танқид қилган.

"Халқ депутатларининг бу каби ҳаракатларига жавобни уларнинг масъулиятга тортилишларида алоҳида мақомларини ҳисобга олиб бош прокуратура бериши мумкин", деб ёзади жаноб Аваков.

"Мен ички ишлар вазири сифатида прокуратура мурожаати бўйича барча суриштирув ҳаракатларини ташкиллаштиришга тайёрман", деб айтади шунингдек Украина мулозими.

Депутатларнинг айни ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Интернет фойдаланувчиларнинг аксарияти депутатларнинг қўполлиги Киев янги ҳукумати обрўйига жиддий таъсир қилишини айтишган. Баъзилари депутатларнинг Майдонга хиёнат қилганликда айблаган.