"Қрим Россиянинг нишони эмас. Нишон - Украина"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қримдаги Россия ва Ғарб ўртасидаги зиддият НАТО олдига янгича мақсадларни қўйса ажабмас. Бу можаро НАТО, Оврўпо Иттифоқи, Вашингтоннинг Оврўпо билан алоқалари ва энергия таъминоти йўлларининг келажаги учун муҳим аҳамият касб этади.

Икки томондан янграётган баёнотлар, ёвқараш ва ҳикоя қаҳрамонлари Совуқ Урушни эслатсада, бу энди Совуқ Урушнинг қайта жонланиши деб бўлмайди. Чунки Россия, авваламбор, Совет Иттифоқи эмас. Глобаллашган иқтисод ўзгача контекстни яратган, Москва ва Ғарб ўртасидаги ҳарбий адоват ўтмишда қолган.

Лекин, бугунги зиддиятнинг хавфини тан олмасдан иложимиз йўқ. Қримдаги инқироз Совуқ Уруш охиридан бери Оврўпо ва Атлантик уммони ҳудудида юзага келган энг муҳим драма бўлаётир.

Пучга чиққан умидлар

Йигирманчи аср охирига етар экан, баъзи сиёсий таҳлилчилар Совет Иттифоқининг қулашини "тарихнинг якуни" дея таърифлашди. Улар фикрида, энди ҳаммамиз капиталист эдик ва қарийб 100 йил жаҳонни иккига бўлган мафкурафий адоват энди якун топганди.

Ғарбда Россия ва Хитойни ўз шериклари, ҳамда халқаро тизимнинг масъулиятни ўйинчилари деб кўриш истаги жўш урганди.

Хитойнинг Шарқий ва Жанубий Хитой денгизларидаги амаллари унинг қўшнилари орасида ана шу умидларнинг қанчалар асосли экани борасида шубҳалар уйғотди.

Россияга келсак, унинг Қримдаги ҳаракати бу умидни бира тўла ерга кўмиб қўя қолди.

Мудофаа харажатлари дунё бўйлаб қисқарар экан, иқтисодий қудрат асосий кучга айланиши кутилганди.

Келажакнинг таъми

Бироқ, Москвадаги қарашлар бошқача эди. Ғарбнинг Болқон, Ироқ ва Ливиядаги ҳарбий амалиётлари Кремлга Ғарб истаган вақтида ўзбошимчалик билан ҳарбий кучини қўллаши мумкин деган ишорани берди.

НАТОнинг чегаралари Россия сари тобора силжиб борар экан, Президент Владимир Путиннинг Москва собиқ совет ҳудудларидаги ўз мавқеини кучайтириши билангина Россиянинг обрўси ва хавфсизлиги таъминланади деган қараши ўз тасдиғини топа бошлади.

Бунга эришиш учун рус озчиликларини ҳимоя қилиш бир вақтнинг ўзида ҳам мақсад, ва ҳам тактикага айланди.

Гуржистон билан 2008 йилда юзага келган зиддиятида Москва Гуржистон ҳудудидан икки ҳудудни кесиб олиб, у ерда русийзабон протекторатларни барпо қилиши ҳали ошнинг тузини татиб кўришдек бир нарса эди.

Қрим Россиянинг асосий нишони эмас. Нишон - Украина.

Ҳеч ким Путиннинг Украинадаги узоқ муддатли режалари қандай эканини билмайди. Лекин, унинг қисқа муддатли амаллари Киевда ўта аксил-Россия ҳукуматининг ўрнатилишига ҳисса қўшди.

Россия бутун Украинага таъсир қила олишни истайди. У Украинанинг бошқа ҳудудларини яна кемиришда давом этадими, ёки Киевдаги янги ҳукуматни ичидан барбод қиладими, аниқ ишора шуки, бу инқироз Қрим референдуми билан якунига етмайди.

Украининг тақдири ҳали кўп йиллар Россия ва Ғарб ўртасидаги қарама-қаршиликнинг маркази бўлиб қолади.

АҚШ приоритетлари

Қарама-қаршилик кучайиб борар экан, НАТО қайта жонланади, бироқ унга аъзо давлатлар фақат даҳанаки жанг олиб борадиларми, ёки мудофаа салоҳиятини оширадиларми, бу ҳозирча очиқ савол.

Вашингтон хавфсизлик масъулиятларини Оврўподаги иттифоқчилари елкасига оширишни хоҳлаганди, бироқ Қримдаги можаро Оврўпо хавфсизлигидаги АҚШ роли қанчалар марказий эканини яна бир бор намойиш қилди.

Тасодифми йўқми, Болтиқбўйи мамлакатлари устидан шу кунларда НАТОнинг ҳаво патрулини амалга оширган учоқлар Американики бўлди. АҚШ бу амалиётни қўллаб-қувватлаш учун яна кўпроқ қирувчи учоқларни юборди. АҚШ, шунингдек, Польшага ўз учоқларини йўллади.

Вашингтон энди узоқ муддатга ўз иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлашга қанчалар бел боғлаганини намойиш қилиши керак бўлади.

Совуқ Уруш якун топишидан 20 йил ўтиб, Россия ва Ғарб ўртасидаги совуқ ва адоватли муносабат оддий ҳолга айланадиган кўринади.

Your contact details
Disclaimer