Қрим: Украина денгиз кучлари базаси ишғол қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россияпараст кучлар Қримнинг Севастопол шаҳридаги украин денгиз кучлари базасига бостириб кирганлар.

Украин денгиз кучлари қароргоҳи биноларидан Россия байроқлари ҳилпираб тургани кўринади.

Бу ҳодиса зиддиятли референдум ортидан Россия ярим оролни ўз таркибига қўшиб олиш бўйича шартномага имзо чекишидан бир кун ўтиб юз бермоқда.

Киевдаги ҳукумат, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ дохил бошқа давлатлар Қрим мустақиллигини тан олмасликларини айтишган.

Душанба куни АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Москванинг Қримдаги амалларига алоқадор деб кўрилган Россия ва Украинанинг қатор мулозимларига қарши жазо чораларини эълон қилганлар.

Айни дамда Украина Мудофаа вазирлиги Қримдаги украин ҳарбийларига қуролларни ишга солишга рухсат берган. Бу қарорга Симферополдаги украин ҳарбий қисмининг ишғоли даврида бир аскарнинг ҳалок бўлиши сабаб бўлди.

Ҳалок бўлган прапорщик Какурин Симферополдаги Украин Қуролли кучларини оператив таъминлаш бош бошқармасида хизмат қилган.

Бу Россия кучлари ярим орол устидан назоратни ўз қўлларига олганларидан бери юз берган украин аскарининг илк талафотидир.

Тўқнашувлар мобайнида яна икки украин аскари жароҳатланган ва касалхонага ётқизилган.

Украина Мудофаа вазирлиги билдиришича, ҳужум қилганлар Россия Қуролли кучлари аскарлари кийимида, аммо ҳарбий белгисиз бўлганлар. Улар, украина тарафига кўра, автоматик қуроллар ва снайпер винтовкалари билан қуролланган бўлганлар.

Украина Қуролли кучларининг Бош қўмондони Михаил Куцин чоршанбага ўтар кечаси Россия Қуролли кучларининг Бош қўмондони Валерий Герасимов билан телефон орқали суҳбатлашган ва аскарнинг талафоти Россия армиясининг Қрим можаросида бевосита иштирок этаётганининг оқибати бўлганини айтган.

Айни дамда Қрим мудофааси жангчилари орасида талафотлар юз бергани борасида хабарлар олинмоқда. Улардан бири ҳалок бўлгани, ва яна бири яралангани айтилади.

Қрим Ички ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади.