Австралияда топилган бўлаклар Малайзия учоғига алоқадор бўлиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Австралия Бош вазири Тони Абботнинг билдиришича, Австралия қирғоқларида Малайзиянинг 8 мартда йўқолган учоғига алоқадорлиги гумон қилинаётган бўлаклар кўринган.

Боингга тегишли бўлиши мумкин бўлаклар Перт шаҳридан ғарбга, Ҳинд уммони ҳудудида сунъий йўлдош орқали кўзга ташланган.

Ушбу ҳудудга қидирув ишлари учун зудлик билан тўрт учоқ жўнатилган.

" Ғойиб бўлган учоқ бўлакларига ўхшаш объектларни топиб бориш жуда мушкул, шу билан бирга улар қидирилаётган учоққа алоқаси бўлмаслиги ҳам мумкин", деган Австралия бош вазири.

Шу билан бирга у Малайзия бош вазирига Ҳинд уммонининг жанубий қисмидаги қидирув ишларига талуқли "янги ва ишонса бўладиган ахборот" ҳақида хабар берганини айтган.

Бир неча кун олдин Хитой гўёки йўқолган учоққа алоқадор бўлган фотосуратларни эълон қилган. Бироқ кейинроқ уларнинг қидирилаётган учоққа боғлиқ эмаслиги маълум бўлган эди.

Бундан олдин Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилган учоқ Жанубий Хитой денгизида ҳалокатга учраган бўлиши мумкин деган эҳтимол билан денгизда қидирув бошланган, сўнг учоқ билан алоқа йўқолганидан кейин ҳарбий радарлар учоқ йўналиши кўрсатган Малайзия билан Таиланд ўртасидаги Малайа бўғозини текширишга қарор қилинган эди.

Малайзия расмийлари бортида 239 инсон билан икки ҳафта олдин ғойиб бўлган йўловчи учоғини топишда ёрдам сўраб 26 мамлакатга мурожаат қилдилар.

15 март куни Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ эълон қилишича, Боинг учоғининг алоқа тизими атайин яроқсиз қилинган.

Тахмин қилинишича, алоқа узилганидан кейин учоқ ўз йўналишини ўзгартирган.

Шундан кейин учоқнинг икки учувчиси уйларида тинтувлар ўтказилган, компютерлари текширилган.

Сунъий йўлдошлардан олинган маълумотларга кўра, Куала-Лумпур аэропортидан кўтарилиб, 1 соатлардан кейин учоқ билан алоқа йўқолганидан учоқ етти соатлар мобайнида парвоз қилган.

Энди етти соат мобайнида бу учоқ қаерларгача етиб бориши мумкин бўлса, ўша мамлакатлардан Малайзия кўмак сўраган.

Улар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ