Дума Қримнинг Россияга қўшилганини тасдиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Пайшанба куни тушдан сўнг, Давлат Думаси Қримнинг Россия таркибига қўшилганини эълон қилди.

Россия ва тан олинмаган Қрим Республикаси ўртасидаги келишув шартномаси ратификациясига бир депутат қарши овоз берган, қолганлар бир овоздан маъқуллаганлар.

“Бу минбардан туриб бугун палатамиз учун якдиллик ҳақида кўп гапирилди”, деб айтган “Адолатли Россия” партияси раҳбари Сергей Миронов.

Ҳақиқатдан ҳам кейинги пайтларда Россия парламентида бир овоздан қувватлашлар тез-тез учраётган ҳолатга айланди. Икки кун олдин Россия ва Қрим ўртасидаги келишув шартномасини ёқлаб 443 депутат овоз берган, бир киши қарши чиққан. Шунингдек, Россия Федерациясига икки янги субъектларни қўшиш ҳақидаги қонун ҳам атиги бир қарши овоз билан 445 депутат томонидан маъқулланган.

“Қримнинг Россияга қўшилиш тарихий қарори Украинадаги фожеали ҳодисалар манзарасида юз бермоқда. Россия учун биродар бўлган мамлакатда ташқаридан дастаклов орқали давлат тўнтариши содир этилди”, деб айтган Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров.

“Украинада ҳокимиятга интилаётган миллатчи радикаллар, экстремистлар ва бошқаларнинг ҳаракатларини кузатиш мумкин. Украинада ҳаётга ва одамларнинг хавфсизлигига аниқ хавф мавжуд, одамлар тили ва миллий келиб чиқишига қараб ажратилмоқда”, деб айтган жаноб Лавров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Россия геополитик мағлубиятга учради"

Аннексиянинг баҳоси

Қарши овоз берган депутат эсер Игор Пономарёвдан ташқари “Адолатли Россия”нинг уч депутати- Дмитрий Гудков, Валерий Зубов ва Сергей Петров овоз беришда қатнашмаганлар.

Мухолифатчи депутат Гудков ўз қарорини шундай изоҳлаган.

“Бу қўшиб олишнинг баҳоси жуда катта. Тан олиш керак, Россия геополитик мағлубиятга учради. Биз Қримни олдик, лекин Украинани йўқотдик. Биз халқаро тўсиқ ичида қолдик. Қрим қўшилишидан Россия иқтисоди жиддий зарар кўради. Ғарб давлатлари томонидан аллақачон бошланган санкциялар ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди”

“Мен Қрим халқининг Россияга қўшилиш истагини ҳурмат қилган ҳолда ҳам овоз беришда қатнашмадим”, деб айтган аслида Россиянинг Қримни қўшиб олишига қарши бўлган депутат.

“Тўхтаб қолиш адолатдан эмас”

Албатта Думада овоз бериш одатдагидек Либерал партия раиси Владимир Жириновский ўзига хос чақириқларисиз ўтмаган.

Унга кўра, Россия тўхтаб қолиши керак эмас. “Қримни олиб, Донбасс, Херсон, Николаев, Днепропетровск, Луганск, Запорожье ва Одессадаги миллионлаб русларни ташлаб қўйиш адолатданми”, деб айтган жаноб Жириновский.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Йирик саккизлик" бундай шароитда мавжуд бўла олмайди"

Йирик саккизлик энди йўқ

Оврўпо ва Ғарб давлат раҳбарлари эса Россиянинг Қримдаги ҳаракатини қоралашда давом этишмоқда.

Бугун Брюсселдаги Оврўпо Иттифоқи мажлисида ҳам Қрим масаласи ва Россияга янги жазо чоралари киритиш муҳокама этилиши айтилган.

19 март куни Британия Россия Украинага қарши ўз ҳаракатларида тўхтамас экан, унга йирик саккизлик гуруҳидан чиқиш таҳдид қилаётганидан огоҳлантирганди.

Овроиттифоқ бундан олдин Россия ва Украинанинг Қрим воқеасига алоқадор 21 мулозимига виза тақиқи киритиш ва банк ҳисобларини музлатишга қарор қилган.

Оврўпо Иттифоқининг кенгайтирилган рўйхатига президент Владимир Путинга яқин сиёсий ва ҳарбий мулозимлар киритилиши мумкин.

ББСнинг Бреюсселдаги мухбири Метю Прайсга кўра, муҳокамалар қизғин ўтиши айтилса ҳам, жуда кескин мурожаатларни кутиш қийин.

Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари орасида айни вазиятда қандай йўл тутиш борасида аниқ позиция йўқ.

Ғарбий Оврўпо давлатлари шарқий Оврўпо вакилларидан фарқли эҳтиёткор йўл тутишни мақул кўришмоқда. Мухбирга кўра, улар маълум сабабларга асосан, Россиянинг кейинги нишони бўлишдан хавотир олишади.

Оврўпо дипломатлари парда ортида Россия билан муносабатларни, жумладан энергетика соҳасида Оврўпони Москвага камроқ қарам бўлиши борасида, ҳамда кейинги алоқаларни қандай тузишни кенгроқ муҳокама қилишади, дейди ББС мухбири.

Бундан олдин Бундестагда чиқиш қилган Олмония канцлери Ангела Меркел вужудга келган шароитда "йирик саккизлик" мавжуд бўла олмаслигини билдирган.

Меркелнинг сўзлашича, "G8 каби муҳим гуруҳ учун сиёсий шароитлар йўқ экан, "йирик саккизлик"нинг ўзи ҳам мавжуд эмас. Саммит ҳам, бундай кўриниш ҳам вақтинчалик бўлмайди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Украина ўз тақдирини ўзи аниқлаши керак”

АҚШнинг янги рўйхати

Шунингдек, Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама Россиянинг Қримни қўшиб олишига қарши киритилган жазо чоралари кенгайтирилганини билдирди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган рўйхатга биноан, санкция Россия мулозимларига молиявий хизмат кўрсатадиган “Россия” банкига ҳам қўлланилади. Рўйхатда Дума депутатлари Сергей Наришкин, Сергей Железняк, бизнесменлар Геннадий Тимченко, Юрий Ковалчук ва бошқалар бор.

Оқ Уй вакилининг айтишича, чоралар Қримдаги вазиятга алоқадор яна 21 амалдорга талуқли бўлиб, аввало виза тақиқи, банк ҳисоблари музлатилиши, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШдаги мулкларига тўсиқ қўйишни кўзда тутади.

Барак Обама лозим бўлганда Россия иқтисодининг муҳим соҳаларига қарши санкцияларга йўл очадиган фармонни имзолаганини айтган.

“Путин англаши лозим, Украинага Россия ва Ғарбни танлаш шарти қўйилмаслигини, Украина ўз тақдирини ўзи аниқлаши керак”, деган АҚШ президенти.

Ўз ўрнида Москва ҳам АҚШнинг қатор расмийларига Россияга кириш тақиқланганини билдирган.

Улар ичида Жон Маккейн, Мэри Лэндю, Даниэл Коутс, Бенжамин Пфаййер, Гарри Рид каби АҚШ Конгресси аъзолари ва расмий шахслар бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сергей Аксёнов ва Владимир Константинов Россия билан келишувни имзолаганлар.

Қрим янги раҳбарлари қидирувда

Киев ва Москва ўртасидаги муносабатлар таранглигача қолар экан, Украина ҳукумати Қрим бош вазири Сергей Аксёнов ва парламент раиси Владимир Константиновга қарши қидирув эълон қилган.

Украина Ички Ишлар вазирлигига кўра, бу икки шахс тергов идораларидан яшириниб юришда айбланмоқда.

Вазирлик айтишича, Аксенов и Константинов давлат тўнтариши ва ҳокимиятни эгаллаб олишда гумон қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ