Visa ва MasterCardлар Россия банкларида ишламаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хабарларга кўра, Visa ва MasterCard "Россия" банкининг мижозларига хизмат кўрсатишни тўхтатган.

MasterCard ва Visa халқаро тўлов тизимлари Россиянинг бир неча банкларида кардлар орқали пул ўтказмаларини тўсиб қўйган.

"Россия" банки АҚШ томонидан жазо чораларига дуч келган биринчи тижорий ташкилотлардан бўлмоқда.

Бундан ташқари, Visa ва MasterCard тўлов тизимлари ака-ука Ротенбергларга қарашли СМП банкда ҳам ишламаётгани хабар қилинади.

Россиянинг энг бой одамларидан ака-ука Аркадий ва Борис Ротенберг, "Россия" банкининг эгаси Юрий Ковальчук ҳам АҚШнинг кеча 20 мартда чиқарган санкциялар рўйхатида.

"Банк раҳбарияти юзага келган вазиятда мижозлардаги муаммоларни ечишга ҳаракат қилади. Банк ўз мижозлари ва ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларни албатта тўлиқ бажаради", дейилади "Россия" банки матбуот хизмати хабарида.

АҚШ Молия вазирлиги Россия банки Россия мулозимлари ва айнан Владимир Путиннинг молиявий манфаатлари учун хизмат кўрсатади деб ишонади.

Маълумотларга кўра, Россия банки АҚШ ва Оврўподаги банклар билан ҳамкорлик қилади, нефт, газ ва энергетика соҳаларга талуқли кенг хизмат турлари билан таъминлаб келади.

Ротенберглар банки

Санкциялар банкка эмас, балки шахсан ҳиссадорларга қаратилгани учун тўлов тизимларининг ҳаракати ноқонуний деб ҳисоблаймиз, дейилади СМП банки мурожаатида.

Шунингдек СМП банки тўлов тизимлари пул операцияларини ҳеч бир огоҳлантиришсиз бошлаганини билдирган.

"Мижозларимиз чекловларсиз ўз пулларини банкомат ва СМП банк кассаларидан олишлари мумкин. Қолган операциялар жумладан тўловлар ҳеч бир чеклашларсиз штат режимида амалга оширилади", деб хабар беради банк.

"Банк АҚШ ҳудудида ҳеч бир акцияларга эга эмас. Шу боисдан санкциялар банкка эмас, шахсан акциянерларга тегишли. Шу сабабли тўлов тизимларининг ҳаракати қонунга зид. Ўйлаймизки, яқин орада юзага келган вазият ижобий ҳал қилинади", деб айтади банк раҳбарияти.

Ротенбергларга қарашли Уфадаги "Инвесткапиталбанк"да ҳам шундай муаммолар юзага келган. Банк орқали берилган Visa ва MasterCardларни савдо тармоқлари қабул қилмаган.

Россия банкига қарашли "Собинбанк"да ҳам муаммолар юзага келиши огоҳлантирилган.

Жазо чоралари

АҚШнинг санкцияларининг биринчи босқичи Қрим аннексияси билан боғлиқ Россия парламенти ва ҳукумати мулозимларига йўналтирилган.

Улар Путинга яқин доира вакиллари, президентнинг эски дўстлари, яқин ҳамкасблари эканига ишора қилинади.

Шунингдек АҚШ молия вазирлиги санкция киритилган Россия банкини Россия амалдорларининг ва айнан Путиннинг молиявий манфаатларига хизмат қиладиган шахсий банки деб таърифлайди.

Маълумотларга кўра, Россия банки АҚШ ва Оврўподаги банклар билан ҳамкорлик қилади, нефт, газ ва энергетика соҳаларга талуқли кенг хизмат турлари билан таъминлаб келади.

Обаманинг айтишича, Россияга киритлган жазо чоралари фақат Россияга эмас, унинг ҳамкорларига ҳам таъсир қилиши табиий бўлсада, шу йўл билан Россияни огоҳлантириш, бу ҳам иш бермаса қаттиқроқ чоралар кўрилади. Обама лозим бўлганда Россия иқтисодининг муҳим соҳаларига қарши санкцияларга йўл очадиган фармонни имзолаганини қайд этган.

Бугун Оврўпо Иттифоқи Россия ва Украинанинг жами 33 мулозими киритилган янги "қора рўйхати"ни эълон қилиши кутилади.

Кузатувчилар Қримни қўшиб олишнинг баҳоси Россияга жуда қимматга тушиши, биринчи навбатда Россия геополитик мағлубиятга учради, деб айтилмоқда. Россия Қримни олган бўлса ҳам лекин Украинани йўқотгани, халқаро тўсиқ ичида қолгани, аллақачон бошланган санкциялар ўз таъсирини кўрсатмай қолмаслиги башорат қилинади.

Шуниси эътиборлики, санкциялар рўйхатида бош вазири Дмитрий Медведев ва Роснефт ва Газпром каби йирик нефт ва газ ширкатлари раҳбарлари йўқ.

Санкциялар чиқишидан бир кун олдин бизнесмен Геннадий Тимченко ўзининг Америка ширкати Gunvorдаги ҳиссаларини сотган. Маълумотларга кўра, Путиннинг Gunvor ширкатига яқин алоқаси бор. Овроиттифоқ аъзолари хусусан Франция Россия олигархларига тегишли чоралар кўриш кераклиги, улар босими орқали Путинга таъсир қилиш мумкинлигини айтган.