Туркияда Твиттер ижтимоий тармоғига тўсиқ қўйилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрдўғоннинг айтишича, Твиттерга тўсиқ Туркиянинг кучини намоён этади.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон 20 мартдаги сайловолди чиқишида мухолифат ижтимоий тармоқлардан ҳукуматга ва айнан бош вазирнинг ўзига қарши ҳужум воситаси сифатида фойдаланаётганини айтиб, уларга тўсиқ қўйилишидан огоҳлантирганди.

"Мени халқаро ҳамжамият бу ҳақда нима дейиши умуман қизиқтирмайди. Ҳамма Туркия Республикасининг кучини кўради", деб таъкидлаган жаноб Эрдўғон.

Жума куни интернет фойдаланувчилар Твиттерга кира олмаётганлари, саҳифада эса Туркия маҳкамасининг қарори билан ёпиб қўйилгани ҳақида хабар чиқаётганини айтишган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жеймс Рейнолдс ҳам Туркия ҳудудида Твиттерга киришнинг иложи йўқлигини хабар беради.

Туркияда охирги пайтлар Твиттер ва Фейсбук орқали президентга яқин доираларнинг коррупцияга алоқадорлиги борасида кўплаб хабарлар чиқа бошлаган.

Ижтимоий тармоқларда Эрдўғонни бир неча марта коррупцияда айблашган. Ўтган ойда YouTube видео тармоғида гўёки бош вазир ва ўғли йирик миқдордаги маблағни қандай яширишни муҳокама қилгани тўғрисидаги суҳбат чиқарилган.

Бош вазир маъмуриятининг билдиришича, Твиттерга бир неча линкларни олиб ташлашни сўраб Туркия маҳкамасининг қилган мурожаати жавобсиз қолгандан сўнг, ҳукумат унга тўсиқ қўйишга қарор қилган. Твиттер ширкати ҳозирча ушбу воқеани изоҳламаган.

2010 йилда "YouTube"да Туркия давлати асосчиси Камол Ота Туркни ҳақорат қилувчи видео лавҳа жойлаштирилгани учун унга ҳам маълум муддат тўсиқ қўйилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ