Миср: 'Мусулмон биродарлар'нинг 529 тарафдори ўлимга ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

24 март куни Миср маҳкамаси бундан олдин мамлакатда ноқонуний деб эълон қилинган "Мусулмон Биродарлар" ташкилотининг 529 тарафдорини қатор айблар, хусусан қотилликларда айбдор деб топиб ўлим жазоларига ҳукм этган.

Адвокатлар айтишича, бу замонавий Миср тарихида эълон қилинган энг катта оммавий ўлим жазосидир.

Шунингдек, бу энг қисқа маҳкама жараёни ҳам бўлган.

529 шахс устидан маҳкама 22 март, шанба куни бошлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Маҳкама айбдор топганлар қудратдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийнинг "Мусулмон Биродарлар" гуруҳи аъзолари ва тарафдорларидир.

Мисрнинг эркин сайловлар орқали сайланган президенти Мурсий ўтган йил июл ойида ҳарбийлар тарафидан ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Шундан сўнг норозилик ва тартибсизликлар бошланган, ҳарбийлар дастаклаган Миср ҳукумати юзлаб Мурсий тарафдорларини ўлдирдилар.

2013 йил 14 августида пойтахт Қоҳирадаги "Мусулмон Биродарлар"нинг икки норозилик жамлоғида тўпланиб ўз норозиликларини изҳор этаётган намойишчилар тарқатилган, хавфсизлик кучлари минг атрофида намойишчини ўлдиргани хабар қилинган.

Шундан кейин Миср жанубидаги Миня вилоятида тартибсизликлар бошланган, "Мусулмон Биродарлар" тарафдорлари полиция идорасига ҳужум қилганлар.

24 март куни ўлим жазосига ҳукм қилинганлар Миня вилоятидаги тартибсизликларда қатнашганлар бўлган.

Адвокатларининг айтишича, айбланувчиларга зўравонликларни келтириб чиқариш, қотилликка ундан ва содир этиш, полиция идорасига ҳужум қилиш, инсонларга ҳужум қилиш, давлат ва хусусий мулкларга шикаст етказиш айбловлари илгари сурилган ва маҳкамада бу айбловлар ўз исботини топгани айтилган.

Ҳимоячиларнинг айтишларича, маҳкамада 123 айбланувчи қатнашган.

Қолганлари ё қўйиб юборилган, ё қочувда эканлиги айтилган.

529 кишига ўлим жазоси ҳукм қилиниб, 16 киши оқланган", деб айтган адвокатлар.

22 март куни маҳкама бошланишида айблов ўқиб эшиттирилган, ҳакам адвокатларнинг бирор бир гапига қуло солишни истамаган, деб айтган қариндошлардан бири.

Миср ҳукумати "Мусулмон Биродарлар"ни террорчи ташкилот деб эълон қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ