Ҳинд уммонида янги 122 та жисм аниқланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Малайзия Нақлиёт вазири вазифасини бажарувчи Ҳишомуддин Ҳусайн айтишича, Ҳинд уммони жанубий қисмида ғойиб бўлган учоққа тегишли бўлиши мумкин бўлган янги 122 объект аниқланган.

Сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни Малайзия ҳукуматига Франциядаги Airbus ширкати юборган.

Суратлар 23 март куни олингани хабар қилинган.

8 март куни ғойиб бўлган Malaysia Airlines ширкатининг Boeing 777 учоғиники бўлиши мумкин бўлган объектлар 400 квадрат километр масофада сочилиб кетган.

Ҳинд уммонидаги бу жойлар қуруқликдаги энг яқин масофа - Австралиянинг Перт шаҳридан 2500 километр узоқликда жойлашган.

Малайзия нақлиёт вазирига кўра, уммонда аниқланган жисмларнинг айримининг узунлиги 23 метрни ташкил этади.

Бундан олдин турли мамлакатлар сунъий йўлдошларидан олинган суратларда Ҳинд уммонининг ҳар хил жойларида учоқ қолдиқлари бўлиши мумкин бўлган жисмлар топилган эди.

25 март куни об-ҳаво ёмонлашгани учун қидирув ишларини тўхтатишга тўғри келган эди.

Илк объектлар аниқланган ҳудудга бир неча кема йўл олган.

Улардан биринчиси 27 март куни тахмин қилинаётган ҳудудга етиб бориши кутилмоқда.

Бу ҳудудга Хитой ўзининг музёрар кемасини жўнатган.

Австралия ҳарбий-денгиз флотига тегишли кемада Американинг сувости овозларини аниқлайдиган махсус ускуналари билан жиҳозланган кемаси ҳам йўлда.

Қидирув ишларига АҚШ, Австралия, Малайзия, Хитой, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Япония мутахассислари жалб этилган.

8 март тунги соат 12:41 да Куала-Лумпур аэропортидан Пекинга парвоз қилган Boeing 777 учоғи билан 40 дақиқалардан кейин алоқа йўқолган.

Учоқ бортида 239 инсон бўлган.

Малайзия расмийлари учоқ билан қуруқлик ўртасидаги алоқа атайин узилган, дейдилар.

Шундан кейин учоқ йўналиши ўзгартирилиб, Ер шарининг шарқий қисмидаги шимолий даҳлиз бўйича эмас, жанубий даҳлиз бўйлаб парвоз қилгани радар сигналлари орқали аниқлангани хабар қилинди.

Учоқ билан алоқа йўқолганидан кейин 7 соатдан кейин ҳам радарлар МН370 рейси бўйича парвоз қилган учоқ сигналини олиб турганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ