Юлия Тимошенко Украина президентлиги учун беллашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Укриана собиқ бош вазири Юлия Тимошенко май ойида режаланган президентлик сайловларида иштирок истагида эканини билдирган.

Тимошенко хоним сўнгги уч йилини қамоқда ўтказган, ўтган феврал ойида Виктор Януковични қудратдан ағдарган аксилҳукумат намойишлар ортидан озодликка чиққанди.

У икки бор бош вазир сифатида хизмат қилган ва 2010 йил президентлик учун ҳам беллашган.

Шунингдек, Юлия Тимошенко 2004 йилги Норинж инқилоби асосий ўйинчиларидан бўлган.

Тимошенко хоним мухбирларга гапираркан, “Украиана бирлиги учун номзод” бўлишии айтган.

2010 йилги сайловда у жуда кичик фарқ билан россияпараст Виктор Януковичга ютқазиб қўйганди.

Юлия Тимошенко 2011 йил коррупцияда айбланиб қамоққа олинган. Унга қўйилган айбловлар 2009 йил бош вазирлик даврида Россия билан газ битимларига воситачилик қилгани билан боғлиқ.

Тимошенко тарафдорлари унга қўйилган айбловлар ортида сиёсий сабаблар борлиги ва бу рақиби жаноб Янукович бошчилигидаги иш эканини даъво қилишади.

Бошқа номзодлар

Собиқ боксчи Виталий Кличко ва корчалон Петро Порошенколар ҳам президентлик сайловларида иштирок этишлари кутилади.

Оммавий сўровларга кўра, Украинанинг энг бадавлат одамларидан бири жаноб Порошенко ҳозир энг машҳур номзоддир.

Сайловлар 25 майда бўлиб ўтиши кутилади.

Кремлпараст президент Виктор Януковични қудратдан кетказган оммавий намойишлар чоғи 100дан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Намойишлар Виктор Янукович Москва билан яқин алоқаларини сақлаб қолиш илинжида Оврўпо Иттифоқи ва Украина ўртасидаги савдо битимини имзолашдан бош тортиши ортидан бошланиб кетганди.

Ўшандан кейин Россия Қрим ярим оролини ўз таркибига қўшиб олиш ҳаракатларини бошлаб юборганди.

Ўтган ҳафта Қримда ўтказилган референдумда эса, Россия Федерациясига қўшилишни ёқлаб овоз берилди.