Украиналик меҳнат муҳожирлари Россияга киришда муаммога дуч келмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украиналик муҳожирнинг Би-би-сига айтишича, Қрим референдумидан сўнг кўплаб украиналик меҳнат муҳожирлари Россия чегара постидан ўтказилмаяпти.

Миграция хизмати ҳужжати чегарани кесиб ўтаётганда берилади, шу сабабли муҳожирлар қўлида чегарачилар сўраган ишлашга рухсатнома бўлмайди ва улар қайтарилмоқда.

Украиналик Руслан Коритконинг айтишича, Москвада ўзи ишлаган қурилиш объекти вақтинча ёпилган ва 60 киши уч ойдан буён иш ҳақларини олишолмаган.

Муҳожир Россияда яхши ҳақ тўланадиган иш топиш мумкин деб айтади. Шунинг учун Украина ва Россия ўртасида виза тизимини жорий этиш вазиятни жиддий мураккаблаштиради.

"Ҳозир Белоруссияга бориб ишлаш вариантлари ҳам кўрилмоқда, лекин Россияда ҳар ҳолда яхшироқ иш топса бўлади. Мен бу ерда яшаб қолмоқчиман. Лекин виза олиш қийин, яхшигина пул тўлаш керак бўлади манимча. Визасиз бемалол келиш мумкин. Иш топасан, патент оласан ва қонуний ишлайсан. Виза тизими киритилса, билмадим қандай қилиб иш топишни", деб айтади украиналик муҳожир.

Қрим учун маблағ

Охирги пайтда Москвада бир қанча қурилишлар тўхтаб қолган. "Кўп маблағлар Сочи олимпиадасига сарфланган дейиляпти. Яқин вақтда эса пуллар Қримга кетиши мумкин", дейди Коритко.

"Менинг бригадам Украинада янги йилдан кейин қайтиб кетган. У ерда мени пул олиб боришимни кутишяпти. Пулни эса ҳали беришмади", деб айтади у.

Федерал миграция хизмати раиси Ромадоновскийга кўра, Россияда расман 1 миллион 607 минг украиналик мавжуд. 500 мингдан ортиғи ноқонуний ишлаши айтилади. 2013 йилда украиналиклар уйларига 27 миллиард пул юборишган.

Константин Ромадановскийнинг билдиришича, Қрим референдумидан сўнг миграция хизматига Россия паспортини сўраб қарийб 21 минг ариза тушган. Бундан олдин Россия бош вазирининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Олга Голодец Россия лозим бўлганда 100 минг қочқинни қабул қилишини маълум қилган.

Айни пайтда расмий ҳисобларга қараганда, Россияда тахминан 10 миллиондан ортиқроқ меҳнат муҳожири бўлиб, унинг 23 фоизи ўзбекистонликлар, 13 фоизи Украина, 10 фоизи Тожикистонлик фуқаролардир.

Тожик фуқароларига енгиллик

Муҳожирлик хизмати маълумотларига кўра, Украинадан келувчи муҳожирлар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин улар Россияда 90 кундан ортиқ қолмайди ва ортларига қайтиб кейин яна келишади.

Айни пайтда Россияга келиб ишловчи тожикистонлик фуқароларга енгилликлар берилган. "Чунки Тожикистон Россиясиз қийналади ва Россияга ҳам Тожикистон керак. Бу ҳам тарихий ҳам геополитик жиҳатдан шаклланган вазият. Муҳожирлар ҳақида келишув уларнинг талабчанликлари ва интилишлари орқасидан берилди, деб айтади Ромадоновский. 21 мартда Россия Давлат Думаси Тожикистонлик муҳожирларга Россия ҳудудидан уч йилгача чиқмай имконини берадиган протоколни ратификация қилган.

Бир қанча таҳлилчилар бунга Россия ҳукумати яқин келажакда украиналик муҳожирларнинг ўрнини тожикистонлик ишчилар билан тўлдириш нияти дея қарамоқда.

Шунингдек, Тожик меҳнат муҳожирларига Россия ҳудудида имтиёзли шароит берилиши Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиши муддати узайтирилиши билан боғлиқ.

Бундан кейин Тожикистондан Россияга борган меҳнат муҳожири рўйхатдан ўтмасдан 15 кун туриши мумкин.

Бошқа МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун бу муддат етти кун қилиб белгиланган.

Шу йил бошидан Россия ҳудудида меҳнат муҳожирларининг бўлиши билан боғлиқ тартиб қаттиқлаштирилди.

Бундан олдин Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирлари паспортларидаги мамлакатда бўлиш муддати тугаган пайтида Украина ёки Қозоғистон ҳудудига ўтишар ва чегарадан қайтиб ўтиб, Россияда ишлашни давом эттирар эдилар.

Украина ва Россия ўртасида юзага келган муаммолар сабаб муҳожирлар энди бундай имконга эга бўлмасликлари мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ