Владимир Путин : "Совет" Россиясининг тикланиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия Қримга бостириб кирганда дунё шокка тушди, лекин шундай бўлиши керак эдими?

Ёзувчи ва журналист Оливер Буллоуга кўра, президент Владимир Путин қудратли Россияни тиклаш нияти борлигини ҳеч қачон сир тутмаган - балки, мамлакатнинг ривожланиши қанчагача давом этиши ҳақида камроқ нарса маълум.

1999 йил 16 августда Россия парламенти - Давлат Думасининг аъзолари бош вазирликка номзодни тасдиқлаш учун йиғилишди. Улар номзоднинг нутқини эшитишди, бир неча саволлар беришди ва бир овоздан уни ушбу вазифага сайлашди.

Бу президент Борис Елциннинг 16 ой ичидаги бешинчи бош вазири эди, бир партия раҳбари ҳатто номзоднинг номини чалкаштириб юборди. У Елциннинг кам танилган меросхўрини эмас, Степашин номзодини- бундан олдин истеъфога чиқарилган бош вазирни қувватлашини билдирди.

Давлат Думасининг етакчи депутатлари янги бош вазирнинг исми шарифини эслаб қололмаган эканлар, у ўз сўзларига бошқаларнинг диққатини жалб қилолмаган экан, бошқаларни айблай олмайсиз. Умуман олганда у Россия ҳукуматини икки ойдан ортиқ бошқара олишига ишонч йўқ экан, бундан безовта бўлиш нима учун керак?

Бу одам КГБнинг собиқ зобити Владимир Путин эди. Ва у дунёнинг энг катта мамлакат бош вазири, раҳбари бўлди ва ҳамон ушбу лавозимда. Путинни ўшанда кам киши тушунди, чунки уни фақат бир неча одамгина эшитган эди, лекин ўша нутқ унинг деярли барча амалларининг асоси бўлган экан, қандай қилиб у тўлиқ инқирозга хавфли тарзда яқин қолган мамлакатни қайта қуриши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Номаълум Путин бош вазир

Ҳаммаси бўлиб 364 кун олдин Россия ўзининг қарзлари бўйича дефолт эълон қилди. Давлат тизимидаги ишчи ва хизматчилар маоши, пенсиялар бир неча ой кечга қолди ёки умуман берилмади.

Бош инфратизилма барбод бўлган эди. Мамлакатнинг қимматбаҳо акциялари мамлакатни худди шахсий томорқаси сифатида бошқара бошлаган бир сиқим "олигархлар" қўлида тўпланган эди.

Бир вақтлар қудратли Россия армияси аҳолиси аскарлари сонидан ҳам кам бўлган Чеченистондаги урушда мағлуб бўлди. Варшава шартномаси бўйича уч собиқ иттифоқчи НАТОга қўшилди, натижада ғарбий алянс Россиянинг чегараларига қадар яқинлашиб келди. Айни пайтда мамлакатни саломатлиги ночор ҳамда ичкиликни яхши кўрган Елцин бошқарар эди. Вазият жуда таҳликали, лекин Путиннинг ўз режаси бор эди.

"Мен ўз нутқимда ҳукумат олдида турган барча вазифаларни қамраб олишим мушкул. Лекин ҳар ҳолда мен бир нарсани яхши билсам керак: бу вазифаларнинг бирортасини ҳам мамлакатда оддий тартиб ва интизомни ўрнатмай туриб бажариб бўлмайди", деб айтди у парламентда йиғилганлар қаршисида.

1952 йил Ленинградда туғилган Путин Совет Иттифоқининг олтин йилларида, СССРнинг Иккинчи Жаҳон урушидаги улкан ғалабасидан кейинги даврда вояга етди. Ернинг сунъий йўлдоши, водород бомбаси, Лайка кучуги ва Юрий Гагариннинг парвози, буларнинг барчаси совет илм-техникасининг кучини намоён этганди. 1956 йилда Венгрия, 1968 йилда Чехославакияга бостириб кириш советча қатъият белгиси эди. Совет кишилари тинчлик ва ривожланишдан роҳатланар, бахтиёр эдилар. Ҳаёт барқарор эди. Одамлар маошларини ўз вақтида олардилар. Дунё СССРни ҳурмат қилар, ҳамма ўз ўрнини билар эди.

Путин Думада чиқиш қилганида эса вазият ўзгарган, унинг ватани бошқа-кам ҳурмат қилинадиган, кам ҳисоблашиладиган жойга айланган эди. У бой берилган ноаниқликка томон интилган, Москва билан ҳисоблашиладиган даврни қаттиқ қўмсаган инсон тилида гапирган эди. У буни ошкора айтмаган бўлса ҳам, лекин НАТОнинг Сербия ва Косоводаги ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида сўз қўшиб кетди.

"Россия асрлар давомида буюк давлат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу ҳар доим бўлган ва ҳозиргача манфаатларнинг қонуний зоналари мавжуд... Биз бу муносабатларни сусайтиришимиз керак эмас, биз фикрларимиз эътиборга олинмаслигига йўл қўймаслигимиз лозим", деб айтади Путин ўшанда.

" Биз инқилобга нуқта қўйишимиз керак. Улар шундай тузишган эдики, ҳеч ким бой бўлиши мумкин эмас. Лекин айни пайтда мамлакат ислоҳотга муҳтож, яъни ҳеч ким камбағал бўлиши мумкин эмас. Аслида бу вазифа кундан-кун мураккаблашиб бораётган бўлса ҳам. Қашшоқ аҳоли билан ривожланган давлат қуриш ҳақида тушунча йўқ. Ҳукумат учун муҳим восита ва муҳим мақсад ишлаб чиқаришни хавфсиз қилиш. Шунда биз аграр соҳага ва алал оқибат миллионлаб деҳқонларга жиддий ёрдам берамиз... Биз ҳудудий бирлигимизга таҳдид қиладиганларга қарши ўзимиздаги барча қонуний имкониятлардан фойдаланиб, қаттиқ чоралар кўрамиз. Россия буюк давлат бўлган ва шундай бўлиб қолади. Биз бу борадаги ҳаракатларимизни сусайтиришимиз керак эмас ва бизнинг фикрларимиз инкор қилинишига йўл қўйишимиз керак эмас"(Путин нутқидан, 1999 йил август)

Путиннинг ички сиёсати- унинг ўзи инқилоб деб атаган нарса барқарорликни тиклаш учун, Россия учун кам фойда олиб келди. Унинг ташқи сиёсати эса дунёда Россиянинг ўрнини қайтариш эди. Бу икки асосий мақсад у шу пайтгача нимаики қилган бўлса ҳамма нарсада акс этди, агар Путин одамларга қулоқ солганида эди, ўз ҳаракатлари улар учун сюрприз бўлмаган бўларди.

У ўзининг мақсадларини таъминлаш учун тарих берган барча имкониятлардан фойдаланди, 2001 йил 11 сентябр портлашларидан тортиб 2013 йил Украина инқилобигача. У назарий жиҳатдан ақлли ва шафқатсиз эди. Уйда ҳам, хорижда ҳам у Россия яна ўша шуҳратига эришишини хоҳларди.

Чеченистонга қарши кампанияни бошлаш Россия инқирозининг рамзи эди. Чеченларнинг мустақиллик хоҳишлари Елцин томонидан бостирилди, лекин бу аччиқ ғалаба эди. Одамлар ишончсиз, Чеченистон иқтисоди ва инфратузилмаси барбод бўлган эди. Чеченистон одамларни ўғирлаш, зўравонлик ва жиноятчилик уясига айланди. Путингача ҳеч ким бу борада бир нарса қилмади.

Ва ниҳоят, кўп азобланган ватанпарвар руслар учун бу инсон нафақат пенсияларни тўлашга қурби етадиган, балки ватан учун қўлини булғашга тайёр одам эди. Хорижда Елцин истеъфо бергандан кейин, ўз ўрнига Путинни муваққат президент қилиб тайинлагач, номаълум бош вазирнинг омма орасидаги рейтинги 70 фоиздан ошди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва Ғарб давлатлари Путинни Чеченистондаги мухолифларига қарши Россия ва халқаро қонунларни бузишда айблашди. Инсон ҳақлари бўйича Оврўпо маҳкамаси Россияни Чечен амалиётлари пайти қотилликларни амалга оширганини айтиб, "яшаш ҳуқуқи"га дахл қилишда айблади. Лекин нима бўлмасин, буларнинг ҳаммаси Путиннинг шуҳратини оширишга хизмат қилди.

Чеченистонда юзлаб аскарлар ва минглаб чеченлар ҳалок бўлди. Юз минглаб чеченлар Россиядан ташқарига бошпана излаб қочишди. Лекин ҳудудий бирлик таъминланган, Путин ўзининг Россияни қудратини тиклаш сари ҳаракатларини бошлаган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия қўшинлари Чеченистонда

2001 йил 11 сентябрдан кейин Путин ўзининг қўшинлари ҳаракатига нисбатан халқаро танқидларни бостириш учун чечен кампаниясини терроризмга қарши глобал кураш тариқасида ўзгартиришни хоҳлади.

У президент Жорж Бушга яқинроқ бўлди - Буш ҳатто Путиннинг қалбини кўрганини таъкидлаганди, Ироқ уруши уларни ажратди. Ироқ борасида Путин халқаро ҳуқуқ таъминланиши лозимлиги- БМТ розилигисиз қўшин киритишга ҳеч қандай рухсат бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Ичкарида у энг қудратли олигархлар, бошида медиа-ҳиссаларни назорат қилганларни синдирди. Шу тариқа жонли телесаҳнани жиловлади, сўнгра 2003 йилда полиция мамлакатда энг бадавлат одам Михаил Ходорковскийни ҳибсга олди. Унинг йирик ширкати парчаланди ва давлатнинг нефт ширкати томонидан сотиб олинди. Турмага ташланган Ходорковскийни Amnesty International "виждон тутқуни" деб атади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Мен ўйлайманки, Ходорковский ҳибсга олинганда, Путин олигархлардан сўнг бу гигантлар устидан фуқаролик жамиятининг кучини тасдиқламоқчи бўлмади. У буни яккаҳокимлик режимини тузиш доирасида қилди", деб айтади Путин ҳокимиятга келганда FT нинг Москвадаги бўлими бошлиғи бўлган, ҳозирда Канада парламентининг либерал аъзоси Кристин Фриланд. У Ғарбнинг санкцияларига жавобан Россияга кириши тақиқланган 13 канадаликнинг биридир.

Путин тарафдорлари 2003 йилги парламент сайловларида Думадаги учдан икки фоиз ўринларни эгаллашди. Путин буни "демократиянинг мустаҳкамланиши" деб мақтади. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари эса "кўпчиликка босим ўтказиш" деб аташди.

Ҳаммаси бўлиб тўрт йил ичида Путин Чеченистондаги урушда эркин оммавий ахборот воситалари ва олигархларни тугатди , ўзи нима деса бажарадиган парламентни қўлга олди ва Россия халқаро ишларда кучли овозга эга деб кўрсатилди.

"У нимани ўйласа, шуни қилади, ва нимани гапирса, шуни қилади - балки, энг камида Ғарбнинг ҳар қандай сиёсатчи ёки давлат мулозимидан кўра кўпроқ ҳам дейиш мумкин. Бу иккинчи жаҳон уруши арафасида Сталин дохил бошқа кўп совет раҳбарларига талуқли бўлган хусусият", дейди Voice of Russia радиосининг Лондондаги бюроси раҳбари Дмитрий Линник.

"Мен ўйлайманки, у қабул қилган қатор қарорлар, унинг тор шахсий нуқтаи назарига тўлиқ мос бўлиб, бу яккаҳокимлик унга шахсий ҳокимият ва шахсий давлат беради", деб айтади Канада парламенти аъзоси Кристин Фриланд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Путин бир қанча совет рамзларини тиклади. У совет гимни ва совет эмблемаларини олиб келди, Совет армиясининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабасидан фахрланди. Лекин у советлардан олдинги мавзуларни ҳам ўзига нисбатан фойдали томонда ишлатди. У Рус проваслав черкови билан дўстлашди. Советларга қарши философлар, жумладан Иван Ильиннинг ҳоки Россияда шараф билан қайтадан дафн этилди.

Бу анъана Россиядаги консерватизм кўринишида улкан бўлиб, сайловларни сохталаштиришга қарши норозиликлар манзарасида кучайди ва Путинни Россия либералларидан узоқлаштирди.

Унинг севимли мафкурачиларидан бири Владимир Якунин бўлиб, КГБ мактабидан чиққан эски дўсти, ўзининг диндорлиги билан танилган, Путиннинг сафарларда доимий ҳамроҳларидандир.

«Россия Оврўпо ва Осиёнинг ўртасида эмас. Оврўпо ва Осиё Россиядан ўнг ва чапда жойлашган. Биз улар орасида кўприк бўлмаймиз, лекин алоҳида цивилизациялашган кенглик сифатида Россия Шарқ ва Ғарбни бирлаштиради", деб айтади Якунин ўзининг ИТАР-ТАСС га берган нтервьюсида. Ўтган ҳафтада у Қримнинг қўшилиши орқасида Путинга яқин мулозимлар қаторида АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Россиянинг ғоясича, Ғарбдан алоҳида, лекин тенг борилса, бу Кремлга ўзининг танловида, маҳкамасида, ташқи сиёсатида Ғарб танқидини инкор қилишга имкон беради.

Путиннинг аксарият дўстлари Ғарбнинг иқтисоди, сиёсати, қадриятлари ва тизимларига эҳтиёткорлик билан ёндошсада, лекин унинг қулайликларига кучли боғланганлар. Мисол учун Якуниннинг икки ўғли Ғарбий Оврўпода яшайди- бири Лондонда, бири Швецарияда- неваралари ҳам ўша ерда ўсишмоқда. Мухолифатчи Алексей Навалнийга кўра, Якунин ўзига саройни Москвадан ташқарида қурган, қурилиш материаллари Олмониядан олиб келинган- бу Ғарбдан мустақил Россия иқтисодини қурмоқчи бўлган одамлар учун ғалати қадам.

Путин ҳам ўзи вақтида қувватлаган принциплар ноқулай бўлиб қолганда улардан бемалол воз кечган. Ироқда 2013 йил халқаро қонунлар ҳимоясига , БМТ розилигисиз ҳар қандай ҳарбий аралашувга қарши чиққан. Бироқ 2008 йилда Гуржистонга қўшин юборишга келганда, бу борада БМТ Хавфсизлик кенгаши билан маслаҳат ҳам қилиб ўтирмади.

Ўтган йил Сурияга аралашув Россия воситасида кун тартибидан чиқарилди. Бу йил эса Украинага қўшин киритиш Россия томонидан оқланди ва бутунлай қонунан дейилди.

"Бизда 18, 19, 20 асрларда олиб борилган сиёсатни бугун ҳам давом эттириш бўйича асосларимиз бор. Улар ҳар доим бизни бурчакка тиқишга интилишади, чунки биз мустақилмиз", дейди Путин Қрим аннексияси ҳақидаги нутқида, бу 1999 йилги нутқнинг барча бандлари қайтарилган, лекин 15 йиллик қўшимча аламлар билан йўғрилган нутқ эди.

"Агар сиз пружинани охиригача тортсангиз, кейин уни қайта йиғиш қийин бўлади. Сиз буни доим эсда сақлашингиз лозим", дейди Путин.

"Кўп йиллардан кейин мен Қрим аҳолиси ўзларини 1991 йил бир қоп картошка каби бериб юборилганлари ҳақида гапирганларини эшитдим. Бу билан келишмаслик қийин. Россия давлати биланчи? Бу мамлакат шундай қийин даврларни бошдан кечирдики, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконига эга эмас эди. Қримда битта ҳам қуролли тўқнашув бўлгани йўқ ва қурбонлар берилмади. Нима деб ўйлайсиз, нега бундай бўлди экан? Жавоб оддий: чунки халқ хоҳиш иродасига қарши бориш жуда қийин, деярли иложи йўқ. Бизнинг Қўшма Штатлар бошчилигидаги ғарблик ҳамкорларимиз, амалий сиёсатларини халқаро ҳуқуқ билан бошқаришни истамайдилар. Улар шундай фикрга келишдики, дунёнинг тақдирини ҳал қилишлари, фақат улар ҳақ бўлишлари мумкин холос".

Мамлакатни ўзининг тасаввури бўйича қайта тузишни ўйлаган Путин Россия жамиятида ҳал қилувчи бир гуруҳнинг ёрдамига қараб қолди. У мустақил журналистлар, бизнесменлар ва сиёсатчиларнинг овозларини ўчириб, ўзининг ғояси амалга ошаётганига ишонч ҳосил қилиш учун амалдорларга юзланди.

Улар ўз ёрдамлари учун яхшигина мукофотланади. Юқори лавозимдаги амалдорларнинг маошлари ўтган йилда 20 фоизга оширилди, умумий бюджет эса тўрт баравар кенгайди. Бюджетдаги мувозанатни сақлаш учун ёқилғи хомашёсининг баррели ўртача 117 доллар атрофида бўлиши шарт, бу эса Deutsche Bank таҳлилига кўра, 2006 йилги даражадан беш марта кўпдир.

Ҳатто бундай имтиёзлар ҳам давлатнинг биринчи шахслари учун етарли эмас. Ички Ишлар вазирининг айтишича, 2013 йил ўрта ҳисобда Россияда пора олиш нархи 4 минг долларгача кўтарилган. Ўтган йил халқаро Transparency International ташкилоти коррупция даражаси бўйича Россияни 127 ўринга қўйган.

"Путин Россиядаги барча мустақил манбаларни йўқотиб, ҳақиқатдан ўзини бурчакка тиқди. У ҳозир фақат чиновникларга суяниб қолган ва уларнинг дастагини сақлаб туриш учун моддий таъминлашни доимий кўтариб бориши керак", деб айтади Путин Россиясининг тадқиқоти билан шуғулланувчи британиялик таҳлилчи Бен Жуда.

"Бир кун бориб пул тугайди, у совет раҳбарлари 1980 йиллар охирида тушган вазиятга, сиёсий ва иқтисодий инқирозларга қарши туриш мажбурий ҳолатига тушади. У ҳозир кучли кўриниши мумкин, лекин унинг Кремли Россияда бир нарсани нефтнинг нархини назорат қила олмайди.

Путин ўзининг болалигидаги мамлакат версиясини қуришга, яъни дунёда мустақил ҳаракат қила оладиган давлат қуриш ғоясига эришди- ўзгача фикрловчиларга босим ва ҳокимият Кремл томонидан узвий боғлиқ ҳолда бошқарилади.

1976 йил Ғарбга келгунича умрининг 10 йилини совет турмаларида ўтказган Владимир Буковскийга кўра, Путин Совет Итттифоқининг парчаланишини "геополитик фожеа" деб чин дилдан айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"У совет тизимининг ўлими олдиндан аниқ эканлигини тушунмайди, шунинг учун унинг мақсади совет тузумини иложи борича тезроқ тузишдир", дейди у.

КГБнинг ўрта бўғин зобити сифатида Совет Иттифоқини жуда севган Путинга Совет Иттифоқи нега қулаганини жуда яхши англаган катта зобитларнинг қарашлари етишмайди. СССР Ғарб қоралови билан эмас, ўзининг шахсан имконсизлиги туфайли ҳалок бўлди", деб айтади Буковский.

"Путиннинг ҳаракатлари аниқ ўша хатоларни қайтаришга олиб боради. У бутун мамлакат битта одамнинг назорати остида туришини истайди, ва бу фожеага олиб келишини тушунмайди".

Путиннинг Қримга кириш қарори унинг доирасидаги мулозимлар томонидан зудликда ва шиддат билан амалга оширилди. Бу шуни англатадики, Путиннинг ҳаракатлари оқибатларидан огоҳлантирадиган ҳеч ким йўқ, ва у ҳозир ўзини англамас экан, шу йўлда давом этаверади. Ғарб билан муносабатлар ноқулай бўлиб қолаверади, айниқса, Путин "қонуний манфаатлар зонаси" деб биладиган минтақаларда.

Лекин барибир айта олмаймиз, биз огоҳлантирилмаган эдик, деб.