НАТОнинг янги бош котиби Йенс Столтенберг бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Норвегиянинг собиқ бош вазири Йелс Столтенберг НАТОнинг кейинги бош котиби этиб тайинланган.

У Дания собиқ бош вазири Андерс Фоғ Расмуммен ўрнини эгаллайди.

Йенс Столтенберг 28 мамлакатдан иборат ҳарбий иттифоққа раҳбарликни октябр ойидан бошлайди.

Уэлсда режаланган НАТО саммитида жаноб Расмуссен истеъфога чиқади.

Андерс Фоғ Расмуссен НАТО ташкилотини беш йил бошқарди.

Жаноб Столтенберг Норвегиянинг бош вазири бўлган 2011 йили Андерс Брейвик портлаш ва қотилликларни содир этган эди.

Брейвик Осло шаҳридаги ҳукумат биноларини нишонга олган автомобил портлашини уюштирган, сўнг Йенс Столтенбергнинг Ишчилар партияси ёшлар қанотининг жамлоғида ёшлар ва расмийларни отиб ўлдирган эди.

Брейвик ҳужуми оқибатида 77 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Йелс Столтенберг икки марта бош вазир лавозимини эгаллаган.

Илк бор 2000-2001 йиллар орасида бир ярим йил, сўнг 2005 йилдан 2013 йилгача Норвегияни бошқарган.

У ўтган йили августида бир кун киракашлик ҳам қилган.

Йелс Столтенбергнинг янги лавозимига тайинланиши муносабати билан НАТО Бош котиби Андерс Фоғ Расмуссен ўз Twitter саҳифасида шундай деб ёзган: "жаноб Столтенберг НАТО қудрати ва муваффақиятини давом эттиришда тўғри инсондир".

Жаноб Расмуссен қўшимча қилишича, Украина инқирози НАТО кучини ва раҳбарият қатъиятини намойиш этиш зарурлигини кўрсатади.

У Россия қўшинлари Украина сарҳадларида жамланаётганидан хавотирда эканини билдирган.

Британия Бош вазири Девид Кэмерон айтишича, Норвегиянинг собиқ бош вазиридай бой тажрибага эга кишининг трансатлантик иттифоқ бошқарувига тайинланиши Оврўпо учун ҳозирги мушкул давр учун жуда муҳимдир.

Жаноб Кэмерон Йенс Столтенберг зиммасига Украина инқирози билан бирга Афғонистондан НАТО етакчилигидаги қўшинларни олиб чиқиш вазифаси ҳам юкланаётганини эслатган.

Йенс Столтенберг 55 ёшда, оилали, икки фарзанднинг отаси.

У Осло университетининг иқтисодчи дипломига эга.

Сиёсат билан шуғулланишидан олдин журналист сифатида фаолият юритган.

Бу мавзуда батафсилроқ