Бирма мусулмон аҳолисини рохинга сифатида рўйхатга олмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи c

Бирма ҳукумати охирги 30 йилда илк бор аҳолини миллий рўйхатга олишни бошлаган.

Лекин Рахине штати туб аҳолисини рохинга сифатида қайд этишни истамаяпти.

Рўйхатга олишга кўмаклашаётган БМТ вакиллари бирмаликларга ўзи таълуқли этносни танлашга рухсат бериш кераклигини билдирган.

Лекин ҳукуматга кўра, мусулмон рохингалар муҳожирлар ҳисобланади ва ўзларини Бенгаллар деб аташлари керак.

Рохингалар эса Мянманинг таркибий қисми эканликлари, бироқ ҳукумат томонидан босимга учрашларини айтишади.

Кўпгина буддойилар рохингаларга душманона қараб, таъқиб қилади.

2012 йилда бундай душманлик Рахине штатида кенг миқёсли зўравонликларга айланиб кетган ва минглаб рохингалар уйларини ташлаб чиққан эдилар.

Уларнинг аксарияти ҳануз ночор шароитларда жамлоғларда жон сақлашади.

Аҳолини рўйхатга олиш вакиллари аҳолидан диний ва этник мансублиги борасида батафсил савол-жавоб ўтказмоқда.

Буддойилар томонидан зўравонлик жойларда юз бериб турибди. Ўтган ҳафтада халқаро ташкилот вакилларига ҳужумлар уюштирилган.

БМТ кузатувлар натижасида рохингаларни дунёдаги энг кўп таъқиб қилинадиган озчилик деб атаган.

Мухбирларга кўра, аҳолини рўйхатга олишда диний ва этник мансублигини батафсил суриштириш тарангликни яна кучайтиришидан хавотирлар пайдо қилади.

Рахине расмийлари мусулмонлар ўзларини рохинга деб аташни истаса, улар рўйхатга олинмаслигини ошкора билдирган. Рохингалар Рахиненинг туб аҳолиси, лекин уларни хориждан келган бенгалилар деб аташ ҳукуматнинг зўравонлик сиёсатини оқлашда қўл келиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ғазабланган буддойилар

Рохингалар рўйхатга олинаётганидан ғазабланган буддойилар ўтган ҳафта зўравонликлар уюштиришга уринган эди.

Рахине штати маркази Ситтве шаҳридаги Олмониянинг Малтесер Интернэшнл кўмак ташкилоти биноси атрофида юзлаб ғазабнок буддойилар тўпланган.

Бу ташкилот биноси устида буддойи байроғини осишганидан кейин Малтесер ходимларидан бири байроқни туширган, ана шу нарса диндорлар ғазабини қўзғаган.

Малтесер биносига қарата тошлар отилган.

Буддойи роҳиблар ва айрим маҳаллий аҳоли вакиллари оломонни тинчлантиришга ҳаракат килган, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаганлар.

Гувоҳларга кўра, дастлаб юзлаб деб кўрилган оломоннинг сони 1000 тага етган, шаҳардаги бошқа халқаро кўмак ташкилотлари биноларига ҳам ҳужум қилинган.

Бирмадаги мухбирлар хабар қилишларича, буддойи оломон кейинги ҳафтага мўлжалланган аҳоли сонини ҳисобга олиш жараёнида Рохингалар саналаётганидан ғазабга келганлар.

Ҳарбий хунта бошқарувидаги Бирма давлати Рохинга мусулмонларини ўнлаб йиллар давомида фуқаро сифатида рўйхатга олмай келган.

БМТ Рохингаларни дунёдаги энг кўп таъқибга учраган одамлар, деб атаган.

Уларнинг сафар қилишлари, ишлашлари ва ҳатто уйланишлари ҳам тақиқланган.

Бирма буддойилари Рохингаларни қўшни Бангладешдан қочиб келган ноқонуний муҳожирлар, деб биладилар, ҳукумат ҳам уларни "Бенгали" деб атайди.

Рахине штати 2012 йилда мусулмонлар билан буддойилар ўртасидаги этник низоларга саҳна булган штат, оқибатда 140 минг Рохинга мусулмонлари яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлдилар, ҳозир улар Бирманинг ғарбий соҳил бўйларидаги жамлоқларда яшамоқдалар.

Бирма маҳаллий расмийлари ёрдам беришни истамаганларидан кейин халқаро ташкилотлар Рохинга мусулмонларига тиббий ва бошқа зарур ёрдамларини бериб келади ва шу нарса ҳам буддойилар ғазабини қўзғаган.

Расмийларга кўра, камида бир бино талон-тарож қилинган, уч автомобилга шикаст етказилган.

Инсоний жароҳатлар ҳақида ахборот олинмаган, полиция оломонни тарқатиш учун ҳавога ўк узишга мажбур бўлган.

Шундан сўнг Ситтведаги халқаро ташкилотларнинг ўнлаб ходимлари полиция муҳофазасига олинган.

Бу мавзуда батафсилроқ