Украина: президентликка номзодларни рўйхатга олишнинг охирги куни

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Виталий Кличко Порошенко номзодини қувватлайди ва ўзи Киев ҳокимлиги учун беллашади.

Украинанинг етакчи сиёсий партиялари май ойида бўладиган президентлик сайловларига номзодларни кўрсатишни бошлашди.

"Баткивщина" ва "Свобода" партиялари ўз раҳбарлари - Юлия Тимошенко ва Олег Тягнибокни номзодликка илгари сурди.

”Регионлар партияси” аъзолари узоқ муҳокамалардан сўнг Михаил Добкин номзодини кўрсатишга қарор қилди, бироқ партиянинг яна бир вакили Сергей Тигипко ҳам президентликка номзодлигини айтмоқда.

"УДАР" партияси бизнесмен Пётр Порошенко номзоди учун овоз берди, бундан олдин президентликка номзодлардан бўлган партия раҳбари Виталий Кличко Киев ҳокимлиги учун курашишини билдирди.

Шунингдек, Украина президентлиги учун Анатолий Гриценко, Наталья Королевская ва "Ўнг қанот" ҳаракатининг раҳбари Дмитрий Ярош ҳам курашмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Шоколод қироли" Порошенконинг рейтинги ҳозир анча баланд.

Порошенко фойдасига чекиниш

"УДАР" партияси президентлик кампанияси давомида охирги дақиқаларгача ўзининг кўзлаган режасини сир тутиб турди.

Виталий Кличко украиналик етакчи сиёсатчилар орасида биринчилардан бўлиб президентликка номзодини қўйишини айтган эди.

Охирги пайтда у ўзининг номзодини рейтинги баландроқ Пётр Порошенко фойдасига олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан, бироқ бу ҳақда расман маълумот берилмаган.

Съездлар залига ўрнатилган экранда Кличконинг сиёсий фаолияти турли даврларига оид видеолавҳалар кўрсатилган.

Сўнгра сўзга чиққан Виталий Кличко бўлғуси президент аҳолининг катта дастагига эга бўлиши лозимлиги, бундай номзод сифатида Пётр Порошенкони кўришини айтган. Бу вақтда Порошенконинг ўзи ҳам залда ўтирган.

“Сизнинг ҳар бирингиз Кличкони Украина президентлигига кўриб келди… Лекин бу ерда муҳими шахсий амбициялар ҳақида ўйламаслик лозим”, дейди Кличко. "Удар"нинг бир қанча аъзолари Кличконинг номзодликдан воз кечишини анча вазмин қабул қилишган.

Виталий Кличко Киев ҳокимлиги учун беллашишини маълум қилди. Норасмий суҳбатларда Кличко сафдошлари ундаги президентлик амбициялари ҳеч қаёққа кетмагани, “ҳаёт президетлик сайловларидан сўнг тугаб қолмаслиги”ни айтишган.

“Агар биз бирлашмаганимизда, Майдонга хиёнат қилган бўлар эдик”, деб айтган ўз нутқида жаноб Порошенко.

Бундан олдин Порошенко ва Кличко тарафдорлари ғоявий жиҳатдан бирлашиш ҳақида декларация имзолаб, парламент ва президентлик сайловларида бирга қатнашишга қарор берган эдилар.

Охирги ўтказилган сўровларга кўра, айнан Порошенко ва Кличко тарафдорлари Украинада кўпчиликни ташкил қилади.

“Бизнинг бирлигимиз биринчи турдаёқ президентлик ва Киев ҳокимлиги учун сайловларда ғалабага олиб келиши мумкин”, деган шунингдек Порошенко.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Тимошенко хоним ҳар қандай йўл билан Қримни қайтаришга ваъда бермоқда.

Тимошенко олигархларга қарши

Президентликка яна бир номзод Юлия Тимошенко сайловларда ғалабага эришса, Украина бирлиги учун курашишини ва Қримни қайтаришини айтган "Баткивщина" съездидаги нутқида.

Хавфсизлик масаласида гапирган Тимошенко Украина Ғарб билан мудофаа мақсадида яқинлашиши кераклиги, акс ҳолда агрессор билан яккама-якка қолишини таъкидлаган.

Шунингдек, Қрим аннексияси Путин учун тескари натижа бера бошлаганини қад этиб ўтган.

Украинани Оврўпо Ититифоқининг тўлақонли аъзосига айлантириш ўзининг мақсади эканини айтган Тимошенко хоним олигархларга шахсий уруш очганини билдирган.

“Бу йирик бизнесни йўқ қилиш ва геополитик майдонда кучли ўйинчиларсиз қолиш дегани эмас. Олигархлар оддий бизнес қонунлари, умумий қоидалар билан ишлашларига эришиш, улар қора йўлллар орқали сиёсатчиларни сотиб олишларига йўл қўймаслик лозим”, дейди Украинанинг собиқ бош вазири.

“Баткившина” раҳбарининг ишончли вакиллари Овромайдон фаоллари бўлиши маълум қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Регионлар партияси" аъзоси Михаил Добкин собиқ раҳбари ўрнига сайланишни хоҳлайди.

"Регионлар партияси" съездида бир йўла тўрт депутат Михаил Добкин, Сергей Тигипко, Юрий Бойко ва Олег Царевлар ўз номзодларини кўрсатишларини айтишган.

Регионлар партиясига хос бўлмаган узоқ муҳокамалардан сўнг Харковнинг собиқ ҳокими Михаил Добкин номзоди кўрсатилишига келишилган.

Бироқ Тгипко ҳам ўз номзодини қайтариб олмоқчи эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи svoboda.org.ua
Image caption "Свобода" партияси етакчиси Олег Тягнибок ўз ғалабасига ишонади.

"Танклар ғалаба қозонади"

"Виталий Кличко ва Арсений Яценюк президентлик беллашувида қатнашмаслигини айтди. Майдондаги раҳбарлардан фақат бизнинг етакчимиз Олег Тягнибок мухолифат кучларидан ягона президентлик учун курашади. Шунинг учун ғалаба биз томонда бўлади”, деб айтган "Свобода" партияси съездида сўзга чиққан экология вазири Андрей Мохник.

"Бугун инқилобдан сўнг бизнинг партия танкка айланди, маълумки танклар ҳеч нарсадан қўрқмайди. Шу сабабли биз албатта ғалаба қозонамиз”, дейди "Свобода" партияси раҳбари Олег Тягнибок ўз навбатида.

Президентлик беллашувида 18 сиёсатчи қатнашиш ниятини билдирган. Марказий Сайлов комиссиясига кўра, улардан бештаси рўйхатга олинган. 30 март якшанба рўйхатга олишнинг охирги куни ҳисобланади.

Украинада Президентлик сайловлари 25 майда бўлиб ўтиши кутилмоқда.