Маҳаллий сайловлар Эрдўғон партияси учун жиддий синов

Фото муаллифлик ҳуқуқи v

30 март куни Туркияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтади.

Сайлов натижасида шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари, маҳаллий кенгашлар, қишлоқ, туман ва мавзеъларнинг раҳбарлари сайланади.

Овоз бериш айрим жойларда маҳаллий вақт билан соат 16, айрим жойларда соат 17 гача белгиланган.

Маҳаллий сайловлар Туркиянинг қудратдаги "Адолат ва Тараққиёт партияси" коррупция билан боғлиқ можароларга рўпара келган, хавфсизликка доир махфий маълумотлар Интернетга сизиб чиққан пайтга тўғри келган.

2002 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Ражаб Тойиб Эрдўғон етакчилигидаги партия номзодларига қарши яна 25 партия аъзолари номзод илгари сурганлар.

Бироқ аксар кузатувчилар фикрича, маҳаллий раҳбарлар лавозими учун асосий кураш "Адолат ва Тараққиёт партияси", мухолифатдаги Республикачи Халқ партияси ва "Миллий ҳаракат партияси" ўртасида кечади.

Айниқса, Истанбул, Анқара ва Измир шаҳарлари ҳокимлиги учун кураш қаттиқ бўлиши кутилган.

Туркияда қарийб 52 миллион 700 минг сайловчи рўйхатга олинган.

Сайлов арафасида "Адолат ва Тараққиёт" партиясининг айрим аъзолари партиядан чиққани ҳақида хабар қилинди.

Ўтган йили охири ва 2014 йил бошида Туркияда кузатилган коррупция билан боғлиқ можаро, YouTube порталида кучишлатар тизимлар раҳбарларининг Туркияга ҳужум қилиш масаласини муҳокама қилаётганлари акс этган видеонинг пайдо бўлиши қудратдаги партиянинг сайловдаги натижаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маҳаллий сайловлар арафасида Туркияда Twitter ва YouTube га тўсиқ қўйилди.

Ўз партияси номзодларини дастаклаш учун бутун Туркия бўйлаб сафарга чиққан ва кўп минг кишилик оломон қаршисида гапирган Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон овоз пайчаларини шикастлаб олди.

Жаноб Эрдўғоннинг овози бўғилиб қолгани тасвирга олинган видео ҳам Интернетда тарқалиб кетди.

Сўнг бош вазир маъмурияти саломатлиги туфайли қатор сафарларини бекор қилишга тўғри келганини расман эълон қилди.

Бош вазир Эрдўғон ўз партияси раҳбарлари ва уларнинг фарзандлари йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштиргани ҳақидаги маълумотлар, сиёсатчиларнинг телефон сўзлашувларини яширинча тинглаш ва Туркия ҳарбийлари Сурия масаласи муҳокама қилган видеонинг Интернетда тарқатилишида АҚШда муҳожирликда яшайдиган диний арбоб Фатҳулло Гулен ҳаракатини айблайди.

Бош вазир маҳаллий сайловлар арафасида мухолифларини "хоинлар" деб атаган ва сайлов куни мухолифларининг юзига "Усмоний тарсаки" тортишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ