Исроил: Собиқ бош вазир Олмерт порахўрликда айбдор топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт пора олишда айбдор деб топилди.

Тел-авив шаҳар маҳкамаси душанба куни жаноб Олмерт Қуддус шаҳрининг ҳокими бўлиб фаолият юритган даврида тадбиркор Шмуэл Дахнердан 500 минг шекел (140 минг доллар атрофида) пул олганини айтди.

Пул эвазига жаноб Олмерт Қуддусдаги йирик Holyland қурилиш лойиҳасида тадбиркор Дахнернинг манфаатларини илгари сурган.

Олмерт билан бир қаторда бу йирик можарога яна 12 киши жалб қилинган. Айбланувчилар орасида Олмерт девонининг собиқ раҳбари Шула Закен, Қуддуснинг собиқ ҳокими Ури Луполянски ва қатор пойтахт тадбиркорлари бор.

"Қуддус ҳокими лавозимидаги ўзининг порахўрлик амаллари билан Эҳуд Олмерт давлат хизматини булғади", - деб айтди ҳакам Давид Розен ўз қарорини эълон қила туриб.

"Муқаддас замин"

Holyland қурилиш лойиҳаси 90-йилларда бошланган. Бир қатор қурилиш ширкатлари ўша пайтда Қуддусга ҳокимлик қилган Эҳуд Олмертга мурожаат қилиб, шаҳар жануби-ғарбидаги айни номли кичик меҳмонхонани бузиб ташлаш ва ўрнига кенг кўламли турар жой мажмуасини қуришни таклиф қилганлар.

Исроил қонунчилигига биноан, бу каби лойиҳалар маҳаллий ҳокимият қошидаги режалаштириш ва қурилиш комиссияси томонидан тасдиқланиши керак.

Ўша пайтда комиссияга Ури Луполянски раҳбарлик қилган. 2003 йилда эса у Олмертнинг ўрнига шаҳар ҳокими этиб сайланган.

Лойиҳа илк кунларданоқ қизғин тортишувларга сабаб бўлган. Лойиҳа танқидчилари, авваламбор, у Қуддуснинг тарихий тузилишини кескин бузишини айтганлар.

Иккинчидан эса, улар мазкур лойиҳа тасдиқланишидан аввал маҳаллий яшовчиларнинг шикоятлари батафсил кўриб чиқилиши кераклигини айтганлар. Бундай шикоятлар юзлаб яшовчилардан келиб тушган бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бироқ, норозиликларга қарамай, лойиҳа тасдиқланган, шикоятларнинг аксари эса кўриб чиқилмаган.

Бир неча йил ўтиб бу ҳудудда кўп қаватли турар жойлар, катта истироҳат боғи ва меҳмонхона мажмуаси қад ростлаган.

Олмертга қарши кўрсатма берган тадбиркор Дахнер ўтган йили 1 мартида судда берган кўрсатмаси ортидан ўзини ёмон ҳис қилган ва бир неча соатдан сўнг вафот этган.

Бу узоқ давом этган маҳкама ишида 13 кишидан фақат уч нафари айбдор деб топилди.

Қолган айбланувчиларнинг тақдири 28 апрелдан сўнг аниқлашади.

Айни шу куни Тел-авив шаҳар судида Эҳуд Олмерт ва бошқа айбланувчиларга қарши қандай жазони қўллаш бўйича жараён бошланади.

"Пора олиш" моддаси бўйича энг катта жазо етти йиллик қамоқ жазосини кўзда тутади.