Бош Вазир Медведев Қримга ташриф буюрди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Қримга ташриф буюрган. Медведев Қрим Россияга қўшиб олинганидан бери ярим оролга келган энг юқори даражали россиялик мулозимдир.

Жаноб Медведев қатор вазирлар вакиллик гуруҳи билан Қрим пойтахти Симферополга сафар қилди.

Бош вазир Россия ҳукумати келгуси қадамларни муҳокама қилиш учун Қримда мажлис ўтказаётгани ҳақида ўз Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Россия ҳукуматининг Твиттер саҳифасида ёзилишича, жаноб Медведев Қримнинг Россияга қўшилиши билан қримликлар ҳеч нимадан маҳрум бўлмасликлари кераклигини айтган.

Унда ёзилишича, нафақалар ва бюджет идоралари ишчиларининг маошлари кўтарилади.

Ҳукумат, шунингдек, Қрим яшовчилари учун соғлиқ суғуртаси тадбиқ қилиниши, мактабларда эса Россия таълим андозалари ўрнатилишини билдирди.

Ўтган ҳафта ярим оролга Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков, Меҳнат вазири Максим Топилинлар ташриф буюргандилар.

Президент Владимир Путиннинг матбуот воизи Дмитрий Песков Россия давлат раҳбарининг яқин келажакда Қримга бориш режаси йўқлигини айтган.

Айни дамда якшанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги тўрт соатлик "самимий" музокаралар самарасиз якунланган.

Жаноб Керри Париждаги учрашув ортидан журналистларга АҚШ Россиянинг Қримни босиб олишини "ноқонуний" деб билишини айтди.

Аввалроқ эса жаноб Лавров Украина федерал давлат бўлиши кераклигини айтган. Расмий Киев буни Украинани бўлиб юборишга қаратилган ҳаракат дея рад этди.

Your contact details
Disclaimer