Путин Қрим Татарларини реабилитация қилиш масаласини кўриб чиқмоқчи

Россия Президенти Владимир Путин Татаристон Президенти Рустам Миннихонов билан учрашган пайти Қрим Татарларини реабилитация қилиш ҳақида ўйлаб кўришга ваъда берган.

Президент Путин Кремлда Россия Федерацияси субъектларидан бири Татаристон Республикасининг раҳбари билан учрашган.

Ушбу учрашув Татаристон Президенти Рустам Миннихоновнинг дам олиш кунлари Қримга сафари ортидан ташкил қилинган.

Президент Миннихонов Президент Путин билан учрашуви пайти Қрим Татарларини қатағон қилинган халқ деб кўриш таклифини илгари сурган.

Россия Федерацияси 1991 йилда "Қатағон қилинган халқларни репрессия қилиш ҳақида" деб номланган қонун қабул қилган.

Татаристон раҳбари Қрим татарларига ҳам ушбу қонунни қўллашни таклиф қилган.

"..албатта, 1991 йилдаги қонунга Қрим Татарлари ҳам тенглаштирилса, ёмон бўлмас эди. Бу Қрим Татарлари жиддий маънавий дастак бўлган бўлурди", деб айтган Рустам Миннихонов.

"Албатта ишлаб чиқишга буйруқ бераман", дея жавоб қайтарган Президент Путин.

Асрлар давомида Қримда яшаб келган Татар халқини 1944 йилда Сталин гўё немис-фашистларига хайрихоҳ бўлгани учун бир кечада ватанларидан бадарға қилишга буйруқ берган.

Улар Марказий Осиё республикалари, асосан, Қозоғистон ва Ўзбекистонга сургун қилинганлар.

1980 йиллар охирида Татарлар ўз ватанлари Қримга қайтишни бошлаганлар.

Бироқ Украина сургунга учраган одамларни оқлайдиган қонунни қабул қилмаган, бу нарса кўплаб муаммолар қатори Қрим Татарларига ерга эгалик қилиш масалаларида ҳам муаммоларни пайдо қилган.

1991 йилда Россия Федерацияси қабул қилган "Репрессияга учраган халқларни реабилитация қилиш ҳақида"ги қонунда бутун бошли халқни жазолаш ноқонуний бўлгани қайд қилинган, қатағонга учраган халқ вакилларига товон тўлаш ва тарихий ватанига қайтиш ҳуқуқлари берилган.

Россия Президенти Владимир Путин аллақачон Қрим Татарлари учун адолатли муносабат тарафдори эканини айтиб чиққан.

"Совет Иттифоқининг бошқа халқлари қатори Қрим Татарлари ҳам буюк адолатсизликдан азоб чеккан даврлар бўлди. Мен ўйлайманки, Қрим Татар халқини реабилитация қилиш, уларнинг яхши номини қайта тиклаш жараёнини ниҳоясига етказишнинг сиёсий ва ҳуқуқий қадамларини қўйиш лозим", деб айтган Россия раҳбари.

16 март куни Қримни Россияга қўшиш мақсадига қаратилган референдумни Қрим Татарлари бойқот қилдилар.

Ундан кейин ўтказилган Қрим Татарлари Мажлисининг қурултойи ярим оролда миллий-ҳудудий мухториятини барпо этиш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Қримдан минглаб километр узоқликдаги Волга дарёси бўйидаги Татаристон сиёсатчилари Қрим Татарларини уларнинг ҳуқуқлари Россия таркибида ҳурмат қилинишига ишонтирганлар, дея хабар қилади Россия журналистлари.

Бу мавзуда батафсилроқ