Малайзия учоғи: хитойликлар тутган сигнал - муҳим ишора

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Иккинчи сигнал аввалгисидан икки чақирим узоқликда тутилган

Бедарак кетган Майлайзия йўловчи учоғини қидирув амалиётларини мувофиқлаштираётган австралиялик расмийлар Хитой кемасининг иккинчи марта товуш сигналини қайд этганлигини "умид берувчи" дея баҳолашган.

Уларга кўра, сигнал MH370 парвозини амалга оширган учоқнинг "қора қути"сига тегишли бўлиши мумкин.

Австралия Ҳарбий ҳаво кучлари маршали Ангус Хьюстон жанубий Ҳинд уммонидаги сигнални "муҳим ишора" деб атаган.

Аммо у сигналнинг "қора қути"га тегишлилиги ҳали аниқланмаганини ҳам урғулаган.

Айни пайтда Британия ҳарбий кемаси тадқиқотларни давом эттириш учун қутқарув амалиётлари бораётган минтақага йўл олган.

Расмийларга кўра, ҳудудга Австралия ҳарбий кемаси ҳам йўлланмоқда, уларнинг иккаласи ҳам сув остидаги сигнални тутишга мосланган махсус технология билан жиҳозланган.

Хитойнинг Haixun 01 кемаси шанба куни частотаси 37,5 килогерцга тенглиги айтилган сигнални аниқлаган.

Йўловчи учоқнинг автомат ёзиб олувчи жиҳози ҳам худди шу частотада ишлайди.

8 март тунги соат 12:41 да Куала-Лумпур аэропортидан Пекинга парвоз қилган Boeing 777 учоғи билан 40 дақиқалардан кейин алоқа йўқолган.

Учоқ бортида 239 инсон бўлган.

Малайзия расмийлари учоқ билан қуруқлик ўртасидаги алоқа атайин узилган, дейдилар.

Шундан кейин учоқ йўналиши ўзгартирилиб, Ер шарининг шарқий қисмидаги шимолий даҳлиз бўйича эмас, жанубий даҳлиз бўйлаб парвоз қилгани радар сигналлари орқали аниқлангани хабар қилинди.

Учоқ билан алоқа йўқолганидан кейин 7 соатдан кейин ҳам радарлар МН370 рейси бўйича парвоз қилган учоқ сигналини олиб турганлар.