Покистон: Муҳаммад Пайғамбарни таҳқирлагани учун ўлим жазоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Покистон маҳкамаси мобил телефон орқали юборилган хабарида Муҳаммад Пайғамбарни таҳқирлаганликда айбдор деб топган эр-хотинни ўлим жазосига ҳукм этган.

Эр-хотиннинг насроний эканликлари, исми-шарифлари Шафқат Эммануэл ва Шагуфта Кавсарлиги хабар қилинмоқда.

Улар Пунжоб вилоятининг Гожра шаҳарчасида истиқомат қилганлар, бу ерда диний зўравонликлар рўй берган.

Хабар қилинишича, эр-хотин маҳаллий имомга телефон орқали Муҳаммад Пайғамбарни таҳқирлайдиган смс-хабар юборганлар.

Ўтган йилнинг июл ойида имом жуфтликни Ислом динини ҳақоратлашда айблаб маҳкамага шикоят қилган.

Ислом динини таҳқирлаш Покистонда жиддий жиноят деб қаралади.

Бундан олдин ушбу бандда айбланганлар устидан қўзғатилган жиноят ишлари халқаро хавотирларга сабаб бўлган.

Айнан Гожра шаҳрида 2009 йили Қуръони Карим таҳқирлангани ҳақидаги овозалар мусулмонларнинг ғазабини қўзғаган, оломон у ердаги черков ва қарийб 40 та уйга ўт қўйган эди.

Зўравонликларда саккиз насроний ҳалок бўлган.

1990 йиллар бошидан буён қатор насронийлар устидан Исломни таҳқирлаш бандида айбдор деб топилиб жазога тортилганлар.

Уларнинг аксари дастлабки маҳкамаларда ўлим жазоларига ҳукм қилинган бўлсалар ҳам кейинчалик юқори маҳкамалар бу ҳукмларни бекор қилган, исбот-далил етишмаслиги айтилган.

Покистондаги динни таҳқирлаш қонунининг танқидчиларига кўра, кўпинча инсонларнинг амаллари нотўғри талқин қилинади ва диний озчиликлар вакилларига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинади.

Жазога тортилганлар орасида исломий Аҳмадия оқимига эътиқод қилганлар ҳам бўлган.

2012 ақли ноқис насроний қиз Римша Масиҳнинг сумкасида Қуръоннинг йиртилган варақлари топилгани айтилиб ҳибсга олингани дунёда кўпчиликни ғазаблантирган.

У бирмунча вақт жуда қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада сақланганидан кейин озод қилинган.

Шундан сўнг Масиҳлар оиласи Покистонни тарк этиб, Канадага кетган.

Ҳозирги пайтда Покистон ўлим жазосига мораторий эълон қилган.

Шунинг учун ўлим жазосига ҳукм қилинган Гожра шаҳрилик эр-хотинни қатл этишлари эҳтимолдан узоқ.

Би-би-си билан суҳбатда эр-хотиннинг адвокати ўлим жазоси устидан шикоят қилиш ниятида эканини билдирган, адвокат айтишича, маҳкама адолатсиз бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ