'Газ ҳақини ошириш Украинага қарши яна бир босқин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украинанинг муваққат бош вазири Арсений Яценюк Россиянинг Украина учун белгилаган газ ҳақини танқид қилган.

Унинг айтишича, бу Оврўподаги энг баланд нарх ва шу йўл билан Россия Украинанинг янги ҳокимиятини жазоламоқчи.

Табиий газ учун нархни 80 фоиз ошириш "Украинага қарши агрессия", деб айтган Арсений Яценюк.

"Россия армияси ва қурол-яроғидан ташқари улар ўзларининг сиёсий ва иқтисодий босимининг энг самарали усулидан фойдаланишга қарор қилганлар", деб айтган Украина бош вазири вазифасини бажарувчи.

1 апрелдан бошлаб Россия Украина учун ҳар 1000 кубометр газ нархини 485 АҚШ доллари қилиб белгилаши ҳақида эълон қилган.

Шу куни Россия ўтган йили декабрида Виктор Янукович билан музокараларда Украина учун жорий этган имтиёзли газдан қарздорлик миқдори 1 миллиард 700 миллион долларни ташкил этгани хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Орадан бир неча кун ўтиб эса Россия Украинанинг газ учун қарздорлиги 2 миллиард 200 миллион долларга етганини айтмоқда, агар бу қарзни узмаса, Украинага газ таъминотини тўхтатиб қўйиши ҳақида эълон қилган.

Апрелгача 1000 кубометр газ учун Украинага 268,50 долларлик нарх белгиланган.

5 апрел куни Украина Энергетика вазири Юрий Продин газ ҳақи юзасидан Россия устидан Стокҳолм Арбитраж маҳкамасига мурожаат этмоқчи экани ҳақида маълум қилган.

Украина ўзига зарур газнинг ярмини Россиядан олади.

Шунингдек, Оврўпони газ билан таъминлайдиган Россия магистрал қувурларининг 15 фоизи Украина ҳудудидан ўтади.

2009 йилда Россия билан Украина ўртасидаги газ "жанжали" Оврўпо газ таъминотига ҳам таъсир кўрсатган, Россия газига қарам қатор мамлакатларда газ босими пасайиб кетган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ