Ҳиндистонда дунё тарихидаги энг йирик парламент сайловлари бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кенг миқёсли Парламент сайловлари Ҳиндистоннинг турли минтақаларида навбати билан ўтказилади ва майнинг ўрталаригача давом этади.

Сайловларда асосий рақиблар бошқарувдаги Ҳиндистон миллий конгресси ва мухолифатнинг йирик "Бхаратия джаната парти" ҳаракати ҳисобланади.

Сайловлар мамлакатда иқтисодий пасайиш ва коррупциянинг кучайиши манзарасида бўлиб ўтмоқда.

Кўп сиёсий кучлар айнан коррупция воситасида сайловолди кампанияларини қуришгани айтилади.

Овоз беришлар душанба куни Ассам ва Трипур штатларида бошланади ва 12 майда Бихар, Уттар Прадеш ва Ғарбий Бенгалияда якунланади.

Сайловларда жами 800 миллион дан ортиқ киши қатнашиши мумкин. Сайлов натижалари май ўрталарида эълон қилинади.

Ижтимоий сўровларга қараганда, икки йирик партиядан ташқари "Аам Аадми Парти" ("Oддий инсон партияси") ҳам кўп овоз тўплаши мумкин.

"Oддий инсон партияси" раҳбари, олдин Деҳлининг бош вазири бўлган Арвинд Кежривал оддий одамларнинг муаммолари ва коррупцияга қарши курашишга ваъда бермоқда.

Курашда яна кўплаб майда партиялар иштирок этишяпти. Бирор партия сайловда тўлиқ ғалабага эришолмаса, майда партияларнинг коалиция тузишда иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этиб қолади.

Ҳукуматни мустақил тузиш учун партиялар 272 ўринни эгаллашлари керак бўлади.

Сайловлар олди мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх парламент сайловларидан сўнг лавозимини тарк этишини билдирган.

Ҳиндистон миллий конгресси сайлов кампаниясини Гандиларнинг сиёсатдаги охирги вакили Рахул Ганди бошқармоқда.

Конгресс миллион ишчи ўрни ва иқтисодни ривожлантиришга ваъда бермоқда.

Мухолиф партия вакили Нарендра Модининг 2002 йилда мусулмон ва ҳиндулар тўқнашувида минглаб одамлар ўлган Гужарат штатида обрўйи баланд.

Шунингдек, партия раҳбарлари ҳамма учун тенг соғлиқни сақлаш хизматини жорий этишни айтмоқдалар.

Сайловчилар биринчи марта барча номзодларга қарши овоз беришлари ҳам мумкин.

Шунингдек улар интернет орқали ҳам овоз бериш имконига эгалар.