Покистон: 9 ойлик гўдак қотилликни режалашда айбланмоқда

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Покистон маҳкамаси 9 ойлик болани қотилликни режалаш, полицияга таҳдид қилиш ва давлат ишларига аралашганликда айбланмоқда.

Матбуот хабарига кўра, Муҳаммад Мусо Хон Лаҳор шаҳрида полициянинг газ ўғриларини тутишга қаратилган амалиётлари ортидан айбловларга юз тутаётган 30 кишидан биридир.

Полициянинг айтишича, гумондорлар хавфсизлик зобитларини тошбўрон қилиб ўлдиришга уринишган.

Аммо, Ҳиндистон нашрларидан бири боланинг отасидан иқтибос келтиришича, гуруҳ электр танқислигига қарши норозилик билдираётган бўлган.

Гўдак маҳкама залида отасининг қўйнида қўлида сут бутилкасини ушлаган ҳолатда кўринган.

Лаҳордан келаётган хабарларга кўра, у гаров пули эвазига озод қилинган ва ишни кўриб чиқиш 12 апрелга қадар қолдирилган.

Айбланаётганлар орасида Муҳаммад Мусо Хоннинг отаси ҳам бор.

Гўдакка қарши қотиллик айбловлари Панжоб Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг эътиборини тортган.

У вилоят полиция хизмати бош назоратчисидан масалага ойдинлик киритишни ва ишни очган расмийларга қарши "жиддий чора" кўришни талаб қилган.

Оқибатда, хабар қилинишича, айбловларни ҳужжатлаштирган полиция зобити ёрдамчиси ишдан олинган.