Украина инқирози: Фавқулодда хавфсизлик йиғини чақирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Украина фавқулодда хавфсизлик мажлисида россияпарастларнинг ишғолари муҳокама қилинади.

Украинанинг шарқий вилоятларида бошланган тартибсизликлар орқасида Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов Литвага сафарини бекор қилиб фавқулодда хавфсизлик йиғилишига чақирган.

Бунга 6 апрел, якшанба куни россияпараст намойишчиларнинг Украина шарқидаги Донецк, Луганск ва Харков шаҳарларида маъмурий биноларни босиб олиб, бинолар устига Россия байроқларини кўтарганлари, бу ҳудудларни мустақил деб эълон қилиш талаблари сабаб бўлган.

Якшанба куни норозилик намойиши ташкиллаштирган россияпарастлар Харков вилояти маъмурияти биносига бостириб кирганлар.

Милиция кучларининг чекинишига тўғри келган.

Луганскда намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирадиган газ қўллашга тўғри келган.

Донецк вилояти маъмурияти олдида 2000 тача россияпараст йиғилган.

Юзларини ниқоб билан тўсиб олган тажовузкор ёшлар оломони бинони қўриқлаётган милиция махсус кучлари ходимларига ҳужум қилганлар, уларнинг қалқонларини тортиб олганлар.

Тўсиқларни бузиб ёпиб қўйилган бино эшигини бузиб ичкарига кирганлар.

маска кийган одамлар Бинонинг тепасига Россия байроқларини ҳилпиратганлар, "Донецк Республикаси" деган шиорни осганлар.

Шунингдек душанба куни Донецк вилояти "шаҳар ва жамоат ташкилотлари вакиллари" йиғилишида "Донецк халқ республикаси мустақиллиги" эълон қилинган. "Бу бизнинг охирги жангимиз. Охиригача турамиз ва 9 майда ғалабамизни байрам қиламиз", деб айтган ёшлар. Улар референдум кунини белгилашни талаб қилганлар.

7 апрел куни Украина Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Арсен Аваков айтишича, Харков вилояти ҳокимлиги биноси россияпараст фааоллардан тозаланган.

Бироқ Би-би-си мухбирига кўра, бино ҳали ҳам россияпараст фаоллар билан ўраб олинган, уларнинг бир қанчасини ичкарида кўриш мумкин.

Украина муваққат вазири тартибсизликларда Россия Президенти Владимир Путин ва мамлакатнинг қувғиндаги собиқ президенти Виктор Януковични айблаган.

Украина расмийларига кўра, Украинанинг шарқий қисмларини мустақил деб эълон қилиш бўйича референдум ўтказиш талабларини илгари сураётган бўлгинчиларни Россия тарафи ва собиқ президент Виктор Янукович молиявий дастакламоқда.

"Кам сонли одамларни тўплай олишди, лекин агрессиячи кучайтирмоқчилар. Бўлгинчилар ва қизиган каллаларга айтмоқчиманки, вазият қон тўкмасдан назорат остига қайтади", деб ёзади муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваков Фейсбукдаги саҳифасида.

6 апрел куни бўлгинчилик айбловлари бўйича қўзғатилган 75 та жиноят иши доирасида 15 киши ҳибсга олинган.

Намойишчилар ҳибсга олинганларни талаб қилиб, бино ичкарисига бостириб киришга уринганлар.

Донецкда, Луганскда ғазабнок ёшлар деразаларга, полицияга қарата тош, тухум, йўлак парчаларини отишган.

Муваққат бош вазир Арсений Яценюк Москва Украина давлатини яксон қилмоқчи, деган.

Унга кўра, Украинанинг шарқий вилоятларига Россия кучлари кириши режаси ишлаб чиқилмоқда.

"Мен аввало Украинанинг шарқий вилоят аҳолисига мурожаат қилмоқчиман. Ҳаммага яққол равшанки, аксилукраин, аксилдонецк, луганск ва харков режасини амалга ошириш ишлари кетмоқда. Вазиятни беқарорлаштириш ва чегарадан ўтиш кўзланмоқда. Лекин биз бунга йўл қўймаймиз", дейди Яценюк.

Украина ҳукумати Россия қўшинлари чегарада кўпаяётганидан хавотирланмоқда.