АҚШ Россияни Украинани беқарорлаштирмасликка чақириб огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина шарқидаги учта шаҳарда Россияпараст намойишчилар ҳукумат биноларини ишғол қилиши ортидан юзага келган ўта танг вазият борасида АҚШ хавотир билдирган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон суҳбати чоғида Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ҳаракатлари қимматга тушишини айтган.

Улар келгуси 10 кун ичида юзма-юз учрашишга келишганлар.

Украина ҳукумати Донецк, Луганск ва Харковь шаҳарларига хавфсизлик мулозимларини йўлламоқда.

Донецк маҳаллий маъмурияти биносини ишғол қилган исёнчилар душанба куни Донецкни "халқ республикаси" дея эълон қилганлар ва 11 майда унинг Украинадан ажралиб чиқиши борасида референдум ўтказилишига чақирганлар.

Россия яқинда Украинанинг аксар аҳолиси русийзабон бўлган Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олди. Қримда бу йўлда ўтказилган референдумни Киев ва Ғарб ноқонуний дея қоралаган.

Москва эндиликда ўзининг шарқий Украина билан чегарасида минглаб қўшинларини жойлаштирган. У Украинага бостириб кириш нияти йўқлигини айтсада, у ердаги этник русларни ҳимоя қилишга ҳақли эканини урғуламоқда.

Россия февраль ойида Москвапараст президент Виктор Янукович ағдарилиши ортидан иқтидорга келган Киевдаги янги ҳукуматни тан олишдан бош тортиб келаяпти.

"Кўпиртириш"

АҚШ Давлат департаменти воизи Жен Псакининг айтишича, ўз телефон суҳбатида жаноб Керри Россияни Украинадаги "бўлгинчилар ва провокаторлар амалларидан ўзини очиқчасига йироқлаштириш"га чақирган.

Керри жаноблари Украина шарқидаги вазият "тўсатдан юзага келаётган воқеалар мажмуига ўхшамайди" деб айтган.

"У аниқ ишора бердики, Россиянинг Украинани беқарорлаштириш амаллари Россияга қимматга тушади", деди Псаки хоним.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Қримнинг қўшиб олиниши ортидан аллақачон бир қатор Россия ва украиналик шахсларга қарши чекловларни эълон қилган.

Британиянинг Гардиан газетасида чоп қилинган мақоласида жаноб Лавров Россия Украинани беқарорлаштираётганини рад этди ва Ғарбни "танг вазиятни асоссиз янада кўпиртириш"да айблади.

У, шунингдек, Киевдаги ҳукуматни Россияпараст намойишчиларга қарши куч ишлатишига қарши огоҳлантирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина шарқи, "хусусан Донецк, Луганск ва Харковь вилоятларидаги воқеаларни" яқиндан кузатаётганини билдирди.

Унинг баёнотида яна бир бор Украина вилоятларга кўпроқ ваколатлар берувчи федерал давлат бўлиши талаб қилинади.

"Украинада бугунда содир бўлаётган муаммолар учун Россияни айблашни бас қилинг", дейилади баёнотда.