Покистон пойтахтида ҳалокатли портлаш юз берди

Image caption Портлаш эрталаб соат саккизда юз берган

Покистон пойтахти Исломободнинг чекка ҳудудида жойлашган гавжум бозорда юз берган кучли портлаш оқибатида камида 20 нафар инсон ҳалок бўлган.

Полиция ва шифокорларга кўра, мева-сабзавот бозоридаги портлашда яна 100 нафарга яқин инсон яраланган.

Портлаш бозорда улгуржи савдо қизиган пайти юз берган.

Гувоҳларга кўра, портлаш жойида бир ярим метр чуқурлик пайдо бўлган.

Улар атрофда инсонларнинг кўплаб тана парчалари ётганини айтганлар.

Полиция мева қутиси ичига қўйиб кетилган 5 кг портловчи ишга солинганини айтган.

Покистондаги Толибон ҳаракати портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирга қадар ҳеч бир гуруҳ зиммасига олмаган.

Ҳозирда Покистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги тинчлик музокараларининг бир қисми сифатида оташкесим эълон қилинган.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф чоршанба кунги портлашни қоралаб чиққан.

Унинг айтишича, Покистон душманлари мамлакатни беқарорлаштиришга уринаётган эса-да, ҳукумат тинчликни ўрнатиш сай-ҳаракатларини бўшаштирмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ