Горбачев: Мени судлашга чақириқлар ақлсизликдан бошқа нарса эмас

Думанинг бир қанча депутатлари собиқ Иттифоқнинг биринчи ва охириги президенти Михаил Горбачёвни "буюк мамлакатни парчалаш" га масъул сифатида маҳкамага тортишга чақирганлар.

Михаил Горбачев Интерфакс агентлигига берган интервюсида депутатларнинг ўзини мамлакатни тарқалишида айблашлари ва судлашга чақириқларини ахмоқгарчилик деб атаб, бу шахсий пиар учун қилинаётганлигини таъкидлаган.

"Улар ҳақида одамлар исмларини атаб гапирса ёқади, лекин бундай чақириқ бутунлай ўйланмаган ва тарихий фактлар нуқтаи назаридан умуман асосланмаган ҳаракатдир. Агар бу ичиқоралик бўлса, ҳасад қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Депутатлар кўп маротаба пенсияларни ошириш бўйича президентга мурожаат қилишди, лекин бу масала ҳатто муҳокама ҳам қилинмади", дейди Горбачёв депутатлар ҳақида.

"Мен кимгадир халақит қилаётганимни шундан билиш ҳам мумкинки, охирги 20 кунда бир неча марта мени ўлди, деб хабар тарқатишди. Бундай одамларнинг виждони йўқ. Мен шубҳасиз, бундай мурожаатларга аҳамият бермайман, шунинг учун ўз ишим ва соғлигим билан шуғулланишда давом этаяпман", деб айтади собиқ президент.

Пайшанба куни Ягона Россия депутатлари Евгений Федоров, Антон Романов, коммунистлар Иван Никитчук, Олег Денисенко ва ЛДПР аъзоси Михаил Дегтярев Россия Бош прокурори Юрий Чайка номига ариза ёзиб, СССР тарқалиши пайтидаги воқеаларни текширишни талаб қилганлари ҳақида хабар чиққан эди.

Дума депутатлари собиқ Иттифоқининг парчаланишига сабаб бўлганлар, жумладан охирги совет раҳбари Михаил Горбачёвга қарши жиноий иш очишни сўраганлар.

Интернет ижтимоий тармоқларда ҳам бу хабарни муҳокама қилиш авжига чиққан. Аксарият фойдаланувчилар Горбачёвни СССРни тарқалишда айбдор деб билишларини айтган бўлсалар, баъзилар "кекса киши"ни энди тинч қўйишга чақирган.

Ўтган ойда Михаил Горбачёв Россия матбуотига берган интервюсида Қримнинг Россия таркибига кириши борасида ижобий фикрда эканлигини айтган эди.

"Мен хурсандман қўшилувдан. Қрим референдуми Совет даври хатосини тузатди. Бу вазиятда шундан келиб чиқиб гапириш керакки, одамлар ўз хоҳишларига қарши Украина ҳудудида бўлиб қолишганди. Бунинг ҳаммаси уларнинг хоҳишларига қарши қилинган. Улар албатта Никита Хрушёв нега бундай қилганига жавоб беришолмасди.

Муаммо бўлган ва ҳар доим ўсиб келган. Референдум Қримдаги одамларнинг фикрларини ойдинлаштириш учун ўтказилди. Бу уларнинг ҳуқуқи. Референдумлар бизда кўп жойда ўтказилади. Ўтказишди. Аниқ бўлишича, Қримдаги руслар Россияга қайтишни исташади. Балки, референдум ўзининг натижалари билан ҳаммани ҳайратга солган бўлса керак. 90 фоиздан ортиқ аҳоли қўшилишга рози. Бу ҳамманинг кўз ўнгида очиқ жараён бўлди, ҳеч бир кўзбўямачилик бўлмади. Бу билан ҳисоблашиш лозим. Энди биз дўстона ҳаёт кечиришимиз керак. Биз энди Украина билан бир-биримизни қуввватлашимиз, ривожланишимиз керак", деганди собиқ президент.

Бу мавзуда батафсилроқ