'Украина шарқида маъмурий биноларни эгаллаб олганлар жавобгарликка тортилмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Донецкда Россияпараст фаоллар маъмурий биноларни эгаллаб, ихоталаб олганлар.

Украина расмийлари мамлакат шарқидаги икки шаҳарда ҳокимият биноларини эгаллаб олган Россияпараст фаоллар ўз қуролларини топширса, жазога тортилмаслиги ҳақида билдирдилар.

Бу ҳақда Украина ижроий президенти Олександр Турчинов эълон қилган.

Луганск ва Донецк шаҳарларида ҳокимиятга қарашли биноларни ишғол этиб турган бўлгинчилар Украинадан бўлиниб чиқиш юзасидан референдум ўтказишни талаб қилмоқдалар.

Киев расмийларига кўра, бўлгинчилар амали Россияга Украинага бостириб кириш учун бир баҳона бўлиши мумкин.

Украина муваққат президенти Александр Турчиновнинг айтишича, агарда одамлар қуролларини ташлаб, маъмурий бинолардан чиқсалар улар жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.

Киевнинг хавотирланишича, Россия ҳозирда Қримда бўлгани каби вазиятни беқарорлаштириб, кетидан қўшинлари олиб кириш учун замин тайёрламоқда.

Кеча чоршанба куни расмийлар Луганск ва Донецк шаҳарларида маъмурий биноларни эгаллаб олганларга 48 соатлик ултиматум бергандилар. Акс ҳолда куч қўлланиши мумкинлигини билдиргандилар.

Айни вақтда Украина Ички Ишлар вазири Арсен Аваков Украина шарқий ҳудуларида террорга қарши амалиёт режими амал қилаётганлигини билдирган.

"Биз бир ой давомида ўта нозик вазиятда барқарорликни ўрнатишга ҳаракат қилиб келгандик. Лекин радикал унсурлар томонидан маъмурий биноларнинг босиб олиниши ва қурол-яроғларни қўлга киритишлари бу мувозантни бузиб юборди", деди Луганск маъмурияти раҳбари Михаил Болотских.

Айни вақтда Россиянинг Қримдаги амаллари Ғарб томонидан танқидларга учрашда давом этмоқда. Чоршанба куни Оврўпо Кенгашининг Парламент Ассамблеяси ПАСЕ бу қадамни қоралаб чиқди.

Бугун ПАСЕ у ердаги Россия ҳайъатининг салоҳиятини кўриб чиқиб, анжуманларида овоз бериш ҳуқуқидан йил охиригча маҳрум қилди.

Россия агар уни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этсалар ташкилот таркибидан чиқиб кетиш билан пўписа қилган.

Украиндаги вазиятни муҳокама қилиш учун келгуси ҳафта Оврўпо Иттифоқи дипломатлари, Россия, АҚШ ва Украина вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу Украина можароси бошланганидан бери бу миқёсдаги дастлабки учрашув бўлади.

Шу билан бирга март ва апрел ойларида минглаб россияликлар Украинага киритилмаганлиги ҳақида хабар берилмоқда.

Украина Чегара Хизматининг маълум қилишича, биргина 7 апрел кунида 200 га яқин РОссия фуқаросига Украинага киришга рухсат берилмаган.

Расмий Киевга кўра, Россияга киритилмаётган Украиналиклар сони ҳам ўсмоқда.

Мамлакат ҳудудига киритмаслик сабаларидан бири сифатида ёнларида етарли маблағ мавжуд эмаслиги тилга олинган.