Муваққат бош вазир Украина шарқига сафар қилмоқда

Украина бош вазири вазифасини бажарувчи Арсений Яценюк мамлакат шарқига сафар қилмоқда.

У Украинадан мустақил бўлишни исташларини эълон қилган минтақалардаги россияпараст намойишчилар билан учрашишга қарор қилган.

Муваққат бош вазир Арсений Яценюкнинг Донецк шаҳрига бориши, “Донецк халқ республикаси” барпо этилганини эълон қилган бўлгинчилар билан учрашиши хабар қилинган.

Арсений Яценюк Донецк вилояти ва шаҳри раҳбарлари ва бошқа маҳаллий раҳбарлар билан учрашади.

Икки кун олдин Украина Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Аваков Украина шарқидаги инқироз 48 соат мобайнида ё куч қўллаш ёки музокаралар йўли билан ҳал этилиши ҳақида эълон қилган эди.

"Мен шуни таъкидлайманки, Марказий ҳокимият минтақалар билан мулоқотга тайёр бўлиб қолмасдан, балки у ердаги фуқароларнинг қонун доирасидаги талаб ва истакларини бажаришга ҳам тайёр",- деган Арсений Яценюк Донецкдаги чиқишида.

Украина муваққат вазири мамлакат шарқидаги раҳбарларга кўпроқ ҳокимият берилишини айтган. Ҳар бир минтақанинг ижроия қўмиталарига қўл остидаги ҳудудларни назорат қилиш учун молиявий, иқтисодий, маъмурий ва бошқа ваколатлар берилади ва маҳаллий тиллар ҳақидаги қонун бекор қилинмаслигини билдирган. Унга кўра, рус тилининг минтақадаги мавқеи ўзгармайди.

Украина шарқидаги Донецк, Харков ва Луганс шаҳарларида россияпараст фаоллар бир неча кундан бери кенгроқ мухторият берилишини ёки Россияга қўшилишни талаб қилмоқдалар. Мухбирларнинг айтишича, Яценюкнинг ушбу ваъдалари россияпараст фаолларни қониқтирмаслиги мумкин.

Арсений Яценюк Донецкда минтақадаги вазиятни муҳокама этди. Бош вазир билан учрашувда Донецк вилоят ҳокими Сергей Тарута, Донецк шаҳар ҳокими Лукяченко, Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков, бизнесмен Ринат Ахметов ва бошқа расмийлар қатнашган.

Арсений Ятсенюй Днепропетровскда ҳам маҳаллий раҳбарлар билан айни пайтдаги вазиятни муҳокама қилади.

Муваққат бош вазирнинг шарқий Украинага сафари бу мамлакат инқирози Россия билан Оврўпо ўртасидаги газ таъминоти ва қўшинлар жамланиши билан боғлиқ таранлигини янада кучайтирган пайтга тўғри келган.

10 апрел куни Россия Президенти Владимир Путин қатор Оврўпо мамлакатлари раҳбарларига мактуб йўллагани хабар қилинди.

Бу мактубларда Россия билан Украина ўртасида газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган инқироз Оврўпо мамлакатларида газ тақчиллигига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириш битилгани айтилган.

Шу куни Оврўпо Кенгаши Парламент Ассамблеяси Россиянинг 48 мамлакатдан иборат бу ташкилотдаги иштирокига боғлиқ ҳуқуқларини бекор қилишини маъқуллаб овоз берган.

10 апрел куни НАТО март ойининг охирги кунлари ва апрел ойининг дастлабки кунларида Украина сарҳадларида тасвирга олинган фотосурат ва хариталарни эълон қилган.

Уларда Украина чегараси олдида Россия кўп сондаги ҳарбийлари, танк вақирувчи учоқларини жамлагани акс этган.

Қатор мамлакатлар Россия Украина чегарасига яқин ҳудудларда 40 мингтача қўшинини йиғаётгани ва Россия Украинага қўшин киритишни режалаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Россия қўшинларини жамлаганини рад этади.