'Исломни танқид қилган инсон фахрий дипломга лойиқми?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Брэндис университетининг аёллар ҳуқуқлари фаоли ва Ислом дини танқидчисига фахрий диплом бермаслик қарори анъанадор матбуот нашрларида кескин танқидларга сабаб бўлди.

Холландия парламенти собиқ аъзоси Аяан Ҳирсий Али олийгоҳ фахрий дипломини 18 майда қабул қилиб олиши лозим эди. Бироқ, баъзи факултетлар ва талаблар эътирози университет президенти Фред Лоуренснинг қарорини ўзгартиришга етаклаган.

Ассошиэйтед Пресс мухбирининг ёзишича, асли Сомалида таваллуд топган Аяан Ҳирсий Али "қаттиққўл мусулмон оиласида вояга етган. Бироқ, ички урушлар, хатна, калтаклар ва мажбурий никоҳдан омон қолган Аяан 30 ёшларида динидан воз кечган".

Шу йўсин у Ғарбда диний босимларга дуч келган аёлларга кўмак берувчи жамғарма тузиш ишларини давом эттиради. Баъзида эса, Али хоним болалигида эътиқод қилган динига нисбатан ўта қўпол сўзларни қўллайди.

2007 йил журналига гапираркан, у Ислом мағлуб этилиши кераклигини айтган: "Ўйлашимча, биз Ислом билан урушга кирганмиз. Ва урушда ўрта йўл йўқдир".

Хоним Алининг Брэндис университети битириш маросимида кўриниш беришини истамаётганлар айни шунга ўхшаш хитобларини мисол қилиб келтиришади.

Улар "унинг ўтмишдаги изоҳларига кўз юмиб бўлмаслиги ва бу университет қадриятларига зид" тушишини таъкидлайдилар.

Аммо, охир-оқибат Фред Лоуренс томонидан олинган қарор анъанадор шарҳловчиларнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Шарҳловчилардан бири жаноб Лоуренснинг қилган ишини куракда турмайдиган дея таърифлайди.

Яна бир мақола муаллифи эса, мавжуд баҳсни Брэндис университетининг 2006 йил Исроил борасида танқидий фикрлар билдирган дарматург Тоний Кушнерга фахрий диплом бериш борасидаги қарорига қиёслайди.

У ўша пайтда Брэндис университети президенти сифатида фаолият қилган Иегуда Рейнхарддан иқтибос келтиради: "Университет фахрий дипломи учун номзодларни уларнинг сиёсий қарашларига қараб танламайди".

Жорж Мейсон университети профессори Дэвид Бернштейн эса, "Вашингтон Пост"га ёзаркан, ушбу баҳсу мунозара ортида турлича омиллар тургани хусусида гапиради.

"Али хоним Исломни кўр-кўрона қоралайди ва у динни куч билан бостириш истагини баён қилади. У фахрий диплом учун уни танлаш нотўғри қарор бўлган. (Гарчи, у бошқа жиҳатлари билан бунга муносиб бўлса-да)", деб ёзади.

"Битириш маросими жамоанинг бошини бир жойга қовуштириши керак. Баъзи талабалар, айни бу мисолда, келиб чиқиши мусулмон бўлганлар университет ўзларини беҳурмат қилаётган ҳис қилишларига йўл қўйилмаслиги лозим", дейди Жорж Мейсон университети профессори.

Сиз нима дейсиз? Университет фахрий дипломи беришда инсонларнинг диний ва сиёсий қарашлари ҳисобга олиниши керакми?