'Путин Украинадаги бўлгинчиларни тизгинласин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Украина шарқидаги 10га яқин шаҳарда маъмурий бинолар россияпараст гуруҳлар томонидан эгаллаб олинган.

АҚШ президенти Барак Обама Россия президенти Путинни Украинадаги тангликни юмшатишга кўмак беришига даъват қилди.

Жаноб Обама шарқий Украинадаги бўлгинчиларни тинчлатиш учун Россиялик ҳамкасби ўз таъсирини ишга солиши лозимлигини таъкидлади.

Бу ҳақда АҚШ Президенти Россия Президенти билан телефон орқали сўзлашув мобайнида айтган.

Ўз навбатида жаноб Путин Россиянинг Украинадаги ҳодисаларга аралашуви ҳақидаги хабарларни "ишончсиз", дея таърифлаган.

Оқ Уйнинг маълум қилишича, телефон сўзлашуви Росиия томонининг сўрови билан амалга оширилган.

АҚШ маъмурияти баёнотида айтилишича, президент Обама Россия ҳукуматининг Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган қуролланган россияпараст бўлгинчиларни қўллаётганидан чуқур хавотир изҳор қилган.

"АҚШ Президенти Украинадаги ҳамма ноқонунуий қуролли кучлар қуролларини ташлашлари ва президент Путин бу қуролланган, россияпараст гуруҳларни эгаллаб олган биноларни ташлаб чиқишларига ишонтириш учун ўз таъсирини ишлатишга даъват қилди", дейилади Оқ Уй баёнотида.

Айни вақтда АҚШ маъмурияти жазо чоралари кенгайтирилиши эҳтимоли ҳақида ҳам огоҳлантирган.

Шу билан бирга Оврўпо Иттифоқи жазо чоралари қўлланиши мумкин бўлган соҳалар рўйхатини кенгайтиришини маълум қилди.

Украина шарқидаги қатор шаҳарларда эса россияпараст фаоллар маъмурий биноларни эгаллаб олишлари ортидан танг вазият сақланиб қолмоқда.

Би-би-си мухбирининг Донецк шаҳридан хабар қилишича, россияпараст оломон журналистларга ҳам ҳужум қилишган.

Россия матбуотидаги тасдиқланмаган хабарларга кўра, Украина қуролли кучлари Словянск ва Крамторск шаҳарлари томон ҳаракат қилмоқдалар.

Словянск шаҳри яқинидаги бўлгинчилар томонидан ўрнатилган назорат нуқтасига тунда ҳужум қилинган, лекин қурбонлар йўқ.

Шарқий Украинадан президентликка номзод, россияпараст сиёсатчи сифатида кўрилган Олех Царев намойишчилар ҳужумига учраганидан сўнг журналистлар ўнгида кўзи кўкарган ҳолда пайдо бўлди.

Ҳозирда минглаб Россия аскарлари Украина билан чегарага яқин ҳудуларга олиб келинган. Киев расмийлари россияпараст гуруҳларга қарши ҳар қандай амал мамлакатга тажовузга туртки беришидан хавотирдалар.

Маъмурий биноларни эгаллаб олганларга у ердан чиқиб кетиш учун душанба куни тонгга қадар ултиматум берилган бўлса ҳам, муддат ўтиб кетиши билан расмийлар томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.

Ҳаммаси бўлиб Украина шарқидаги 10 та шаҳарда маъмурий бинолар эгаллаб олинган.

Баъзи ҳудудларда улар кенгроқ мухторият талаб қилаётган бўлсалар, бошқаларида Россия Федерацияцияси таркибига қўшилишни талаб қилмоқдалар.

Украина муваққат Президенти бу масалалар юзасидан референдум ўтказилиши ғоясини қўллаб чиққан. Лекин кўринишича у маҳаллий референдумлар эмас, умуммамлакат референдумини назарда тутган.

12 апрел куни россияпараст гуруҳлар полция биносини эгаллаб олган Словянск шаҳрида Россия Президентига мурожаат йўллаб, уларга кўмак беришни сўраганлар.

Аксилтеррор амалиётлар

Муваққат президент Олександр Турчинов Донецк вилоятида аксилтеррор амалиётлар бошланганини эълон қилган.

Унинг сўзларига кўра, амалиётлар тунда Донецк вилоятида бошланган ва "босқичма-босқич, масъулият" билан олиб борилади.

"Бу ҳаракатлардан мақсад, мен яна бир такрорлайман, Украина фуқароларини ҳимоя қилиш, террорни тўхтатиш, жиноятчиликни тўхтатиш, бизнинг мамалкатимизни бўлиб ташлашга уриниш ҳаракатларини тўхтатишдир", деб айтган Турчинов Олий Радада чиқишида.

Турчинов шунингдек, Украина шарқидаги вазиятда ҳукуматдан қатъий ҳаракатларни талаб қилаётганларга "милиция ва Миллий гвардия сафида ватанни ҳимоя қилиш учун" боришгни маслаҳат берган.

Сешанба куни Украина Миллий гвардиясининг Майдоннинг ўз ўзини ҳимоя қилиш кўнгиллиларидан таркиб топган биринчи баталони Украина шарқига йўл олгани хабар қилинди. "Жангчиларда жанговар руҳ ва Украинани ҳимоя қилишга тайёрлик ҳисси баланд. У ерда вазият осон эмас", деб ёзади Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизмати котиби Андрей Парубий.

Айни пайтда Славянскдаги россияпараст фаоллар ҳам Украина ҳарбийлари томонидан ҳужумга тайёр турганларини айтишган.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг билдиришича, Украина шарқида ҳарбий амалиётлар бошланса, бу 17 апрелга мўлжалланган Женева музокараларини йўққа чиқаради.

"Биз қуролли кучларнинг йўналтирилганини қоралаймиз ва уни зудликда тўхтатишга чақирамиз", деб айтган у.

Бу мавзуда батафсилроқ